Narrator 1 Ассалому алайкум. Халқимизда «Боши деворга теккач, кўзи очилади» деган гап бор. Бироқ Банҳададнинг кўзи боши деворга текканидан кейин ҳам очилмади. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафар ором шоҳи Банҳадад ҳақида, унинг қандай одам бўлгани-ю, кимга қарши чиққани ҳақида суҳбатлашган эдик. У Исроил халқига қарши, аниқроғи Исроил халқини ҳимоя қилаётган Худога қарши чиқаётган эди. Буни ҳали ўзи билмасди. Банҳадан ўз қўли остидаги барча лашкаридан ташқари 32 та шоҳликнинг лашкарини ҳам йиғиб, Исроил халқи устига қўшин тортиб келди. Унга қарши Худонинг ўзи жанг қилди. Каломда шундай ёзилган: «Пешин вақтида Исроил лашкари ҳужум қилиб қолди. Банҳадад ва шоҳлар, яъни унга ёрдам бераётган ўттиз иккита шоҳ чодирларда ичиб маст бўлиб ётган экан.
Narrator 2 Исроил лашкари томонидан аввал вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари чиқдилар. Банҳадад чопарлар жўнатган эди, чопарлар: «Самариядан одамлар чиқиб келаяпти», деб унга хабар етказдилар. – Агар сулҳ тузиш учун келаётган бўлсалар, тириклайин ушланглар, — деб амр берди Банҳадад. – Борди-ю, жанг қилиш учун отланган бўлсалар ҳам, тириклайин ушланглар. Вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари, уларнинг орқасидан эса лашкар шаҳардан чиқиб келиб, ҳар бири қаршисида турган Ором лашкарини ўлдирди. Бир пайт Ором лашкари қочиб қолди. Орам шоҳи Банҳадад от устида отлиқлар билан бирга қочиб қутулди» (3 Шоҳ 20:16-20).
Бу жанг Банҳададга сабоқ бўлиши керак эди. У шунча катта қўшин билан ҳам Исроилнинг кичик лашкарига бас келолмади. Бу одамзоднинг эмас, Худонинг қўли эканини англамади.
Narrator 1 Баъзан биз ҳам ҳаётимизда ишлаётган Худони сезмаймиз. У чиндан ҳам бизни ўзгартириш, бизни тўғри йўлга бошлаш учун ишлаётганини англамаймиз. Унинг қўлини кўрмаймиз. Шу эътиборсизлигимиз туфайли, Банҳадад каби кўп хатоларга йўл қўямиз. Банҳадад бу мағлубиятдан сўнг нима қилди? Тавба қилдими? Йўқ.
Худо яна Исроил халқига ёрдамга келди. У халқни ва шоҳни огоҳлантирди: «Бор, яна куч тўпла, нима қилишингни кўриб-билиб ол. Янаги баҳорда Ором шоҳи сенга хавф солади.» (3 Шоҳ 20:22). Худойимиз ҳамма нарсани олдиндан билгувчи ва меҳрибондир. У ҳаётимизда нималар содир бўлишини олдиндан билади. У бизни учраши мумкин бўлган хавф-хатардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Худди Исроил халқини огоҳлантирганидек.
Narrator 2 Чиндан ҳам Ором шоҳи Банҳададнинг ақли кирмади. У кейинги баҳорда яна Исроил халқига қарши ҳужум уюштирди. У ўз лашкарларига шундай деди: «- Уларнинг худолари – тоғлар худоларидир. Шунинг учун бу сафар уларнинг қўли баланд келди. Агар улар билан текисликда жанг қилсак, албатта биз ғолиб келамиз» (3 Шоҳ 20:23). Худо эса унга жавобан шундай деди: «Модомики Ором лашкари, Исроил халқининг Худоси – Эгамиз – тоғлар худосидир, текислик худоси эмас, деб айтаётган эканлар, Мен мана шу катта қўшиннинг ҳаммасини сенинг қўлингга бераман. Шунда Мен Эгангиз эканлигимни билиб оласизлар» (3Шоҳ 20:28). Чиндан ҳам Худованд Орам лашкарини ва Банҳададни Исроил лашкари қўлига берди. Банҳадад бу сафар халққа эмас Худога қарши чиққанини англаб етган бўлса ажаб эмас. Банҳадад каби инсонлар ҳаёти қандай тугаганини билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимиз сизга мунтазир.