3:44

Кўраҳнинг исёни

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳаёт жуда ажойиб яратилган. Кимнингдир фазилатларидан, кимнингдир камчиликларидан ўзимизга яраша хулоса чиқариб оламиз. Худо баъзан бизга сабоқ бўлсин, деб атрофимиздагиларнинг ҳаётини бизга намуна қилиб кўрсатади. Ҳақиқий Худонинг фарзанди ёмонликлар бошига тушмасидан олдин, Муқаддас Каломдаги шахсларнинг ҳаётидан ўзига керакли хулосани чиқариб олади. Бугун Кўраҳ исмли кишининг Худога қарши қилган исёни ҳақида гаплашамиз. Кўрахнинг исёни ҳақида гапиришдан олдин, унинг қайси қабиладан бўлганига эътибор қаратсак. Кўрах Леви қабиласининг Қоҳот уруғидан эди. Худованд Леви қабиласининг уруғларига вазифа топширганида Қоҳот уруғига алоҳида маҳсус вазифа берган эди: «Энди Леви қабиласидан бўлган Қоҳот авлоди уруғи ва хонадони бўйича санаб чиқ. Учрашув чодирида хизмат қилишга яроқли, ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлганларни сана. Қоҳот уруғининг хизмати Учрашув чодирининг энг муқаддас ашёлари билан боғлиқ бўлади» (Саҳрода 4:2-4).

Narrator 2 Худованд улар учун яхши ва шарафли вазифани — Худованд Маъбадининг Учрашув чодирида турадиган энг муқаддас ашёларни сафар чоғида кўтариб бориш вазифасини топширган эди. Улар муқаддас ашёларни ташишлари мумкин эди-ю, бироқ унга қўл теккизишлари мумкин эмас эди. Хоруннинг ўғилларидан бошқа ҳеч ким бу ашёларга қўл теккизолмас эдилар. Қўл теккизган одам Худога ҳурматсизлик қилган бўлиб, ўша заҳоти Худонинг жазосига йўлиқарди. Кўраҳ айнан шу шарафли вазифани бажарадиганлардан бири эди. Аммо бу вазифа унга кичик ва эътиборсиз бўлиб кўринади. У Мусонинг олдига бориб, уни ҳақорат қилиб, у ҳам Мусо каби бўлишга ҳақли эканини айтади. Худонинг танлангани ёлғиз Мусо эди. Кўрах эса юрагида ҳасад ва ёвузлик билан Худо олдида Мусодек даражани талаб қилди:

Narrator 1 «Бир куни Леви қабиласининг Қоҳот уруғидан бўлган … Кўрах Мусога қарши исён кўтарди. У … Датан ва Абурамни ҳамда… Онни ёнига олиб Мусога қарши турди. Исроил халқининг 250 йўлбошчиси ҳам уларга қўшилди. Улар Мусо ва Ҳорунга қарши йиғилишиб, икковига шундай дейишди: «- Сизлар ҳаддингиздан ошиб кетдингиз! Ахир, бутун жамоа ва унинг ҳар бир аъзоси Эгамизга тегишли-ку! Эгамиз ҳаммамиз билан биргадир. Нимага энди сизлар ўзингизни Эгамизнинг жамоасидан устун қўйяпсизлар?!» (Саҳрода 16:3). Мусо эса уларга жавобан шундай деди: — Эгамиз сизларни, ҳамма леви биродарларингизни Ўзига яқинлаштирган бўлса, яна руҳонийликни ҳам талаб қилишингиз нимаси?… Сизлар асли Ҳорунга эмас, Эгамизга қарши йиғилгансиз!

Narrator 2 Кўрах Худованднинг унга ва оиласига берган вазифасини қадрламади. Унга жиддий қарамади. У ҳозир эришиб турган мавқедан ҳам юқорироғини истаётган эди. У ўзининг очкўзлигига бошқаларни ҳам жалб этди. Шахсан Худонинг ўзи тайинлаган вазифани менсимагани, ундан ҳам юқорироқ мартабани кўзлагани ва Худога қарши исён қилгани учун Худованд Кўраҳни ва унга қўшилган Исроил халқининг 250 кишисини ҳалок қилди. Кўрах, Датан ва Абурамнинг чодирлари оиласи билан бирга ер қаърига тушиб кетди. Ер ёрилиб уни ва шерикларини бутун мол-мулки билан бирга ютиб юборди. Худованд бугун сизга ҳам кичик бир вазифа топширган бўлса, унга қаноат қилинг ва чин дилдан адо этинг. Бошқаларга берилган вазифани олишни орзу қилманг. Ҳасад қилманг. Кўрахнинг ҳаёти сиз ва бизга сабоқ бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top