3:25

Ўқувчининг иш жойи

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрли ота оналар. Ҳар биримиз фарзандларимизнинг яхши билим олишларини, келажакда бизни қувонтирадиган даражада ўз касбининг устаси бўлиб етишишини истаймиз. Шу истак билан фарзандларимизни яхши мактабларга жойлаштирамиз, қўшимча дарс олиши учун пул тўлаймиз. Бироқ бола ўз вақтида уй вазифасини тайёрлаши ва керакли билим олишига буларнинг ўзи кифоя қилмайди. Бола уй вазифасини кўнгилдагидай, асабийлашмасдан бажариши учун, болага қулай шароит яратиб бериш лозим. Болангиз хонасидаги дарс қилиш жойини кўздан кечиринг. Бу иш жойи у учун маъқулми? Унга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайдими? Дарс столи қандай бўлиши керак? Келинг, булар ҳақида бироз маълумотга эга бўламиз. Ëдингизда бўлсин, бола иш жойидаги мебел, яъни стол боланинг ёши ва бўйи-бастига мос бўлиши керак.

Narrator 2 Агар боланинг бўйи 110-119 см бўлса, столнинг баландлиги 52 см дан ошмаслиги керак. Аммо болангизнинг бўйи 120 см бўлса, унда бола учун катталар ишлатадиган баландлиги 60 смдан баланд бўлган стол ишлатилиши керак. Столнинг чети бола кўкрагидан пастда туриши шарт. Шунда бола бемалол тирсакларини столга қўйиб, уй вазифасини тайёрлаши мумкин. Агар бола столи устига компютер жойлаштирмоқчи бўлсангиз, компютер клавиши учун ҳам монитор учун ҳам махсус жой ажратилган стол сотиб олишингизга тўғри келади. Боланинг хонасига сиғса, яхшиси Г шаклидаги стол жойлашитириш керак. Шунда боланинг дарс қилишига ҳам, компютерда ишлашига ҳам, лозим бўлса принтер ва дисклар учун ҳам жой топилади.

Стул ҳам бола иш жойидаги энг зарур жиҳоз саналади. Болам оддий тўрт оёқли стулда ўтираверади, деб ўйласангиз адашасиз. Бола учун танланган стул, баландлиги бола бўйига ва ҳолатига қараб, ўзгартириладиган, айланадиган ва бола елкаси стулга тегиб турадиган бўлиши керак. Бола ўтирадиган стулнинг баландлиги унинг бўйига мос бўлсин. Бола ўтирганда оёқларини бемалол полга босиши керак.

Narrator 1 Бола маза қилиб дарс тайёрлаши учун хона ёруғлигига ҳам эътибор қаратилади. Боланинг иш жойига чироқ чап томондан тушиб туриши лозим, шунда боланинг ўнг қўл сояси дафтарига тушмайди. Бироқ болангиз чапақай бўлса, аксинча, чироқни ўнг томондан тушадиган қилиб жойлаштириш керак. Боланинг иш жойини шундай жойлаштиринг-ки, боланинг юзи деворга эмас, орқаси деворга қараб ўтирсин. Психологларнинг фикрича, ўғил боланинг иш столи ёруғроқ бўлиши керак, акс ҳолда у тез толиқиб, дарс тайёрлашга қизиқиши йўқолади. Ўқувчи бола жуда кеч дарс тайёрлайдиган бўлса, стол устида чироқ турсин. Чироқнинг лампочкасининг ёруғлиги 60 ваттдан ошмайдиган бўлиши керак.

Narrator 2 Ундан ташқари психологлар бола бир соат дарс тайёрлагандан сўнг 10 дақиқа дам олиши кераклигини уқтирадилар. Бундан ташқари, бола хонасида уни чалғитадиган ўйинчоқлар ва бошқа қизиқарли нарсалар бўлмаслиги керак. Ўйинчоқлар иложи борича, яширин жойда бўлсин. Акс ҳолда улар боланинг қизиқишини сўндиради. Бола хонасидаги гулқоғозларга ёки девор рангига ҳам эътибор беринг. Сариқ ва жигаррангга мойил ранглар болага диққатни жамлашга ва тинчлантиришга ёрдам беради.

Болангизнинг иш столининг қулайлиги унинг ўқишларига ижобий таъсир кўрсатади. Бола яйраб дарс қилади ва чарчамайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top