Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радиомиз мухлислари билан яна радио тўлқинлари орқали соғ саломат учрашиб турганимиз учун Отамиз Худога шон шарафлар бўлсин. Худованд Ўзининг фарзандларини ибодатларини диққат билан тинглаб турган вақтда, шайтон пинҳона ўша инсоннинг ичига яширинча кириб олиб, унда рак ёки бўлмаса оддийроқ шамоллаш касаллигини пайдо қилолмайди.
Ҳар бир Масиҳга ишонувчи киши доимо Худонинг кўзи олдида бўлади. Бу дегани ҳар биримиз Худованднинг ҳимоясидамиз деганидир. Шайтоннинг кучи фақатгина шунга етиши мумкин, қачонки шу инсон билан нимадир содир бўлишига Худованд изн берсагина.
Агар ёдигизда бўлса, Эски Аҳд китобидан Аюб билан худди шунга ўхшаш воқеа юз берган эди. Шайтон аввал Худодан рухсат сўраб, Аюб билан ва унинг бутун бойлиги ва оиласи билан кўпгина кулфатларни содир этди. Худованд шунда ҳам шайтонга айтган эди: нима қилсанг қилавер, лекин унинг жонига тегма деб.
Римликларга мактубининг 8 боби 28 оятида ажойиб сўзлар битилган: “Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо Ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади”. Азиз радио тингловчи биродарлар, агар ушбу оятга диққат қилсак, айтиляптики, Худони севганларга деб. Демак, Худовандни севишимиз, Унга хизмат қилишимиз бизни янада Унга яқинлаштиради.
Худога яқин бўлиш эса янада кўпроқ Худонинг ҳимоясида бўламиз деганидир. Бундан ташқари, 1 Коринфияликларга мактубининг 10 боби 13 оятини ҳам бирга ўқиб кўрамиз: “Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради”. Ушбу оятдан кўрамиз, Худо ҳеч қачон ташлаб қўймайди.
Инсон билан нимаики содир бўлмасин, доимо Худо бошқариб туради. Эсингизда бўлса, Юсуфни акалари қулликка сотиб юборишганидан кейин бир неча йиллар ўтиб унинг олдига келишади.
Шунда Юсуф уларга: мана, сизлар менга нисбатан ёмонлик қилдинглар, лекин Худованд барчасини яхшиликка айлантирди, деб айтади. Азиз биродарлар, ҳаётимизда шайтон бизга қарши нималарни қилмасин, Худо барчасини яхшиликка айлантира олади. Чунки У Ўзининг ҳар бир фарзандларини севади. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман.
Сизлардан ўз мулоҳазаларингиз ва таклифларингиз битилган мактубларингизни кутиб қолишимизни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Азизлар, мактубларингизни бизнинг электрон манзилимизга ёзиб юборинг. Манзилимиз: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинглар.