Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Яна эфирда сиз учун “Дилкаш” радиоси. Азизлар, ўзингизни ибодатларингизда радиомиз учун ҳам Худованднинг марҳаматини сўраб туришни ёдингиздан чиқарманг.
Муқаддас Китобда айтиладики, барча инсонларнинг содир этган гуноҳлари учун жуда қимматбаҳо тўлов тўлаган тўловчи бу — Раббимиз Исо Масиҳ бўлади. У Ўзининг ҳаётини кўплаб гуноҳкорларни абадий ҳаёти учун тўлов қилиб берди. Марк Хушхабар китобининг 10 боби 45 оятида айнан шу тўғрисида ўқиб кўришимиз мумкин:
“Чунки Инсон ўғли хизмат қилдириш учун эмас, балки хизмат қилгани, Ўз жонини кўпчилик учун фидо қилгани келган”. Ҳаворий Павлус Римликларга китобининг 3 боби 24 ва 25 оятларида шундай ёзган эди: “Лекин Худо инояти билан, Исо Масиҳнинг қони эвазига гуноҳкорлар текин оқланадилар.
Масих биз учун қонини тўкканига ишонган кишининг гуноҳлари ювилсин, деб Худо Масиҳни қурбонликка бағишлади ва шу йўсинда Ўзининг адолатли ҳукмини очиқ намоён қилди.
Худо сабр қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган бўлса-да, ҳозирга келиб, Ўзининг адолатли ҳукмини амалга оширди. Шундай қилиб, бир ёқдан Худо Ўз адолатига содиқ қолмоқда, ва иккинчи ёқдан Исога ишонган гуноҳкор оқланмоқда”.
Гуноҳкорларни оқланиши учун кимдир жуда катта тўлов тўлаши керак эди. Раббимиз Исо Масиҳ Ўзининг хоҳиши билан шу тўловни тўлашга ва ҳар бир одамни гуноҳ ботқоғидан сотиб олишга рози бўлди.
Ўнинг тўлови Ўзининг ҳаёти эди. У Ўз розилиги билан хочдаги қийновга рози бўлди. У Худо эди, шунинг учун ҳам У розилик бермасликка ҳам ҳаққи бор эди. Лекин бошқа ҳеч бир жон ўзининг жонини қурбон қилиб, бошқаларга нажот беролмасди.
Раббимиз Исо Масиҳ шу ишни амалга оширди. Раббимиз Исо Масиҳ инсонларга нажот берганидан кейин ҳам ташлаб қўймади. У ҳозир хам Ўзига тегишли бўлган инсонлар учун Худонинг олдида ўтириб шафоат қилмоқда.
У Ўзининг севгисини фақат хочдаги ўлими орқали эмас, балки ҳозирга қадар кўрсатиб келмоқда. Азиз биродар, ҳаётингизни Унинг қўлларига топширинг. Унинг Ўзи ҳар биримизни қаерга бошлаб боришни яхши билади.
Шунинг билан, азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини сизларга эслатиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Азизлар, яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.