Ассалому алайкум азиз ради тингловчи мухлислар. Яна сиз азиз дўстларимиз билан соғ-саломат радиомиз қаршисида учраша олганимиздан бағоят хурсандмиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали ҳасад тўғрисида гаплашиб кўрсак.
Муқаддас Китобни вароқлаб кўрганимизда, ушбу сўзни жуда кўп жойда учратиш мумкин экан. Худованд ўн амрни инсонларга берганида айнан шу — ҳасад қилмаслик тўғрисидаги амрни ҳам берган эди.
Демак, биз унчалик жиддий эътибор бермайдиган ушбу амр жуда жиддий экан. Чунки, агар бу шунчаки оддий амр бўлганида, Худованд уни инсонларга айтиб ўтмаган бўлар эди. Раббимиз Исо Масиҳ хочда ўлиб, биз гуноҳкор инсонларни ўлимдан қутқариб қолди.
Раббимизни ўлимга олиб борган инсонлар аслида кимлар эди? Улар Исо Масиҳни нима учун ўлимга олиб борди? Албатта, улар Исо Масиҳга ва Унинг яшаш тарзига ҳасад қилишган эди. Исо Масиҳни кўролмай, Уни ўлдиришни истаб қолишган эди.
Албатта, буларнинг ҳаммаси Худованднинг режаси асосида содир бўлаётган эди. Кўряпсизми, азиз биродарлар, инсоннинг юрагида содир бўладиган ҳасад нималарга олиб келишини?!
Азиз биродар, агар юрагингизда кимгадир нисбатан ҳасад бўлса, Худованднинг олдида кечирим олиб, сиздан ушбу ярамас ҳолатдан озод қилишини сўранг. Ишонаман, Худованд, албатта, сизга ёрдам беради.
Ҳурматли мухлис, мен сизга шу нарсани аниқ айтишим мумкин: инсон юракда кимгадир ҳасад қилиб, ҳеч нарсага эриши олмайди — бу аниқ факт. Ҳасад қилиш ўрнига шу биродар учун хурсанд бўлиб: “эй Худойим, мен ҳам шундай бўлай ёки менга ҳам шу нарсани бер”, — деб қилинган ибодат орқали Худонинг марҳаматига эришиш мумкин.
Юракдаги ҳасад бу — гуноҳдир, гуноҳ билан эса ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Ҳозирги кунда биродарларимиз орасида ҳам айнан шу нарса бироз авж олиб бормоқда. Масалан, кимнинг уй жойи энг яхши ёки энг яхши машина кимники? Тўғри, буни рақобатчилик деб айтишимиз мумкин.
Аслида эса рақобат ҳам ҳасад қилишдан келиб чиқишини ҳар биримиз билиб олишимиз керак. Азиз биродарлар, Худованд ҳар бир инсонга ўзига яраша имкониятлар бериб қўйган. Келинг, шу имкониятларимизни ишга солиб, Худованд учун чиройли яшашга ҳаракат қилайлик.
Азизлар, айнан мана шу бугунги мавзумиз тўғрисида бизга мактуб йўллашингизни жуда хоҳлардик. Бизнинг электрон почтамизнинг манзили эса: dilkash@najot.com Мактубларингизни кутиб қоламиз, азиз мухлислар. Яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.