Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-саломат кўришганимиздан миннатдорман. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб ором олинг. Азиз биродарлар, Юҳанно китобининг 13 боби 33 оятида шундай ёзилган: “Болаларим! Энди Мен сизлар билан узоқ бўлмайман. Мени қидирасизлар. Яҳудий мансабдорларига айтган эдим, сизларга ҳам айтяпман: Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар”. Раббимиз Исо Масиҳнинг ушбу гапларидан сўнг ҳаворий Бутруснинг шу заҳотиёқ айтган гапларини Юҳанно китобининг 13 боби 36 оятидан ўқиб кўришимиз мумкин: “Симун Бутрус Исога деди: Раббим, Сен қаерга кетяпсан?
Энди Мен борадиган жойга сен орқамдан боролмайсан, кейинчалик борарсан, деди унга Исо”. Раббимиз Исо Масиҳнинг ушбу айтган гаплари тарихий ҳақиқатдир. Азиз биродарлар, агар ёдингизда бўлса, қачонлардир Раб Исо Бутрусга шундай деб айтган эди: “Ортимдан эргаш” деган гапни. Раббимизнинг ушбу гапларидан кейин ҳаворий Бутрус шу заҳотиёқ балиқ овлаб турган жойидан бор нарсаларини қолдириб, Раб Исога эргашган эди. Бутрус охиригача Раб Исодан воз кечиб кетмади. Раббимиз Исо Масиҳ қаерга бормасин, ҳаворий Бутрус доимо У билан бирга борар эди. Ҳатто Кана шаҳридаги тўйга ҳам Бутрус Раббимиз билан биргаликда борди. Бир неча бор тоғларда ҳам Раббимизнинг ёнида бирга эди.
Ёдингизда бўлса, сувнинг устида ҳам Бутрус Раббимиз томонга қараб юриб бормоқчи эди. Мана, охир оқибат, ҳаворий Бутруснинг олдидаги очиқ эшиклар ёпилди. Агар бемор одам ўзининг ўлими яқинлашаётганини билса, у қанчалик ташвишланишини тасаввур қилиш қийин эмас. Унинг олдидаги инсонлар беморнинг қўлларидан маҳкам тутиб туришдан бошқа ҳеч қандай ёрдам беролмайди. Бемор ётган одам ҳам яна бироз яшаш тўғрисида кўп ўйлайди. Ўзининг хатолари ва ютуқларини бирма-бир кўз олдидан ўтқазади. Энг қийини эса, бемор одамга ўзининг энг яқинларини, дўстларини қолдириб кетишдир. Кўпинча бемор одам ётиб бирданига жони узилса, атрофида ўтирганлар бир сўзни тез-тез такрорлашади, яъни “кетди” деган сўз.
Мана шу биргина сўз жуда кўп нарсани тушунтириб беролади. Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдлари ҳам У билан уч йил бирга бўлишди. Шу уч йил давомида улар Раббимизнинг кўплаб мўъжизалари ва амалга оширган кўпгина ишларини ўз кўзлари билан кўрган эдилар. Шунинг учун ҳам Раббимизнинг шогирдларига Ундан ажралиб қолиш анча қийин бўлган. Улар Раб Исонинг хочдаги ўлими барча одамзод учун қанчалик муҳимлигини ҳали охиригача тушуниб етмаган эдилар. Азиз биродарлар, ана шу хочдаги ўлим бутун инсоният учун эсда қоладиган ўлим бўлди. Эндиликда ким Исо Масиҳнинг хочдаги ўлимига ишониб Уни ўз юрагига қабул қилса, абадий ҳаётга эга бўлади.
Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчилар.