Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида дийдор учрашиб турганимиз учун Худога миннатдорчилик билдираман. Чунки фақатгина Унинг иродаси билан бизда шундай имконият бўлиб турибди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Хушхабарни гапириш — ҳар бир масиҳий учун Худо томонидан берилган ажойиб хизматдир. Шу жумладан ҳали умуман Хушхабар эшитмаган болаларга ҳам гапириш асло ёдимиздан кўтарилмаслиги керак. Муқаддас калом аниқ ўргатадики, Худонинг асосий мақсадларидан бири -инсонларни дунёга Хушхабар тарқатишда ишлатишдир.
Иккинчи Коринфияликларга мактубининг 5 боби 19 ва 20 оятларида шундай оят ёзиб қўйилган: “Ҳа, Худо Масиҳ вужудида бўлиб дунёни Ўзи билан яраштирди, одамларнинг гуноҳларини ҳисобга олмади. Бу ярашиш тўғрисидаги хабарни етқазишни эса бизга топширди. Шундай қилиб, биз Масиҳ учун элчилик қиляпмиз, Худо биз орқали инсонларга мурожаат этяпти. Биз Масиҳ номидан ёлворяпмиз: Худо билан ярашинглар!” Ушбу оятни ўқиган ёки эшитган ҳар бир инсон Худо билан ярашиш ҳаракатида бўлиши керак. Муқаддас каломни ўрганганимизда ҳаворий Павлус ушбу оятни чуқур тушунганини кўришимиз мумкин.
У одамларга Хушхабарни етқазиш учун шунчалик ҳаракат қилдики, ҳатто ўзининг ҳаётида учраб турган турли қийинчиликларга ва муаммоларга ҳам бардош бера олди. Албатта, Павлус ушбу оятни жуда жиддий қабул қилган эди. Унинг: “мен сизлар учун доимо ибодатдаман” ёки “сизлардан илтижо қиламиз”, — деган сўзлари шу оятни мағзини чуқур тушуниб одамларга қилган мурожаатининг бир кўринишидир. Павлуснинг ушбу тутган йўли ўзини мажбуран Худога бўйсундириш эди дегани эмас. Павлус ҳақиқатдан ҳам Худонинг айтганларига чин юракдан бўйсунарди. Бу табиий бўйсуниш эди.
У Худованд одамларга Хушхабар етқазишда айнан ўзи танлаган одамларни ишлатишини яхши биларди. Шу билан бирга шу танланган инсонлардан бири ўзи эканлигини ҳам англаб етган эди. Юҳанно китобининг 6 боби 44 оятини ҳам биргаликда ўқиб кўрайлик: “Агар Мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, у Менга ҳеч ҳам етишолмайди.” Худованд Хушхабар эшитиш учун ҳам ва Хушхабар етқазиш учун ҳам одамларни танлаб олади. Азиз биродарлар, Хушхабарни эшитувчи одамлар топилиши учун тинимсиз ибодат қилинг.
Шунинг билан бирга: Худованд, мени ҳам Хушхабар етқазишда Ўзинг ишлат, — деб ибодат қилинг. Худованднинг хизматида бўлиш қанчалик марҳамат олиб келишини шунда охиригача англаб етасиз. Азизлар, агар шу эшиттиришдан сўнг Худовандга хизмат қилишга бел боғласангиз, бошимиз осмонга етарди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги мавзуимизни шу жойда якунлар эканмиз, ҳар бирингизга Худонинг Хушхабарини бошқаларга етқазишда куч-қувват ва ботирлик тилаб қоламиз. Шу билан бирга, азизлар, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини ҳам сиз, азизларга, эслатиб ўтсам: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчи.