Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Азизлар, сиз билан шундай эфир орқали бўлса-да дийдор учраша олганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Келинг, бугунги мавзуимизни бошласак. Азиз биродарлар, агар умумий олиб кўрадиган бўлсак, дунёда камтарин инсонларни топиш анча мушкул бўлса керак. Ҳар бир инсон ўзига яраша ҳам камтарликка, ҳам кибрликка эгадир. Масиҳий биродарлар орасида эса ҳар бир инсон камтарин бўлиши лозим. Чунки Раббимизнинг Ўзи айнан шундай бўлишимизни истайди.
Айниқса кичик уй гуруҳларининг бошқарувчилари доимо камтарин бўлишлари лозим. Фараз қилиб кўрайлик. Агар бошқарувчи ўзини катта тутиб кибрли бўлса, гуруҳдаги бошқа аъзоларнинг иштироги қандай бўлади? Аввало, улар ўзларининг бошқарувчилари олдида нимадир гапиришга ёки қўрқадилар, ёки тортинадилар. Бу эса гуруҳнинг ўсиб боришига, албатта, ўз таъсирини ўтқазади. Шунинг учун ҳар бир бошқарувчи ўзларини кўрсатиши эмас, балки гуруҳ аъзоларининг иштирок этишларини таъминлашлари керак. Энди бир ўринли савол туғилиши мумкин. Агар ҳар бир иштирокчи йиғилишда иштирок этаверсалар, асосий бошқарувчига нима иш қолади?
Албатта, бошқарувчида иштирокчиларнинг руҳий ўсишлари учун ҳамда хизмат қилишлари учун йўл-йўриқ кўрсатиш вазифаси доимо бўлади. Агар гуруҳдаги бошқа аъзолар доимо турли хизматларда иштирок этиб келсалар, бошқарувчи бундан хурсанд бўлган ҳолда унинг хизмати янада муҳим ўрин тутади. Ҳурматли гуруҳларни бошқарувчи биродарлар, агар гуруҳингиздаги иштирокчи биродарларда гуруҳларни бошқариш истаги пайдо бўлса, шунингдек, улар ушбу хизматни ўз бўйниларига олсалар, уларни марҳаматлаб хурсандчилик ила ушбу хизматни уларга беринг. Шу орқали уй жамоатлари янада кўпайиб боради. Бу эса сиздек азиз биродарларнинг Худованд учун қилаётган хизматингизнинг ажойиб ҳосилидир. Албатта, уларнинг тажрибалари кам бўлиши мумкин, шунинг учун уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш жуда зарур.
Ахир ҳар бир масиҳий инсон дунёда ўзимиздек масиҳий биродарларни кўпайиб боришини истаймиз-ку. Шунинг учун, азизлар, бугунги эшиттиришимизни бошлаганимизда камтарлик ҳақида сўз юритган эдик. Дунёда камтарин инсонларнинг сони ошиб боришида ҳар бир масиҳийнинг ўзига яраша хизмати бўлиши керак. Азизлар, дунёда одамлар бир-бирларига меҳрибон бўлсалар ҳамда ёвузлик камайиб унинг ўрнини севги-меҳрибонлик эгалласа, Худованд биз яшаб турган дунёни янада марҳаматлашига мен ишонаман. Келинг, азизлар, бугундан чиройли яшаб камтарин бўлишга ва бошқаларни ҳам шунга ўргатишга ҳаракат қилайлик. Буни эса фақатгина Худонинг куч-қудрати билан амалга ошириш мумкин. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернетдаги сайтимизни манзилини сиз, азиз биродарларга, эслатиб ўтмоқчи эдим. Марҳамат, ёзиб олинг: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчилар.