Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз, азиз дўстларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Сизлар билан радио қаршисида соғ-омон кўришганимиздан беҳад хурсандман. Азиз биродарлар, инсон ўзининг кучи билан ҳеч нарсага эриша олмаслиги ҳаммамизга яхши маълум. Шунинг учун ҳам шайтон биз, инсонларни ўзимизга ҳаддан ташқари ишончимизни ошириб юборишимизни хоҳлайди. Унинг мақсади — биз Худовандга эмас, балки ўзимизга бўлган ишончимизни ҳаддан зиёд оширишимиздадир. Эски Аҳд китобини ўқиганимизда, айнан шу усулни шайтон Довуд шоҳга қўллаганини кўришимиз мумкин. Масалан, 1Солномалар китобининг 21 боби 1 ва 2 оятларида шундай ёзилганини кўришимиз мумкин:
“Иблис Исроилга қарши қўзғалиб, Довудни Исроил халқини санаб чиқишга ундади. Довуд Йўабга ва лашкарбошларига шундай бўйруқ берди. Боринглар, Бэршэвадан Дангача бўлган жойларни кезиб, Исроил халқини санаб чиқинглар, менга натижасини олиб келинглар, токи қанча аҳоли борлигини мен билайин”. Довуд бундай йўл тутишидан мақсади — у ўзининг қанча одамлари борлигини ва у қанчалик қудратли эканлигини аниқлаш эди. Лекин Худованд Довудга ушбу қилаётган иши яхши эмаслигини, у гуноҳ иш қилаётганини айтди. Сабаби, Довудни кучи ўзининг ҳисобидаги аскарларга боғлиқ эмаслигини унга тушунтирмоқчи эди. Худованд Довудга одамларга эмас, Худога умид қилишни ўргатмоқчи эди. Забур китобининг 146 боби 10 ва 11 оятларида сано ижрочиси шундай гапларни айтганини ўқиб кўришимиз мумкин.
“Худованд отнинг куч-қувватидан рози бўлмас, чопқирнинг болдирлари Унга манзур бўла олмас, Худованд Ўзидан қўрқадиганлардан, иноятига умид боғлаганлардан рози бўлур”. Шоҳ Довуд ўзи билмаган ҳолда шайтоннинг тузоғига илиниб қолган эди. У Худога эмас, балки одамларга ишонишни бошлаган эди. Натижада Худованд бундай итоатсизликни жазолади ва етмиш мингга яқин исроилликлар ҳалок бўлдилар. Биз инсон бўлганимиз учунми ёки табиатимиз шундайми, кўпинча Худога эмас, бошқа нарсаларга умид қиламиз. Баъзи пайтларда айтамиз: “Мен Муқаддас Китобдан кўплаб оятларни ёддан биламан, мен бир нечта семинарларда ўқиганман, мен Муқаддас каломни яхши биламан, шунинг учун ҳам ҳаётда бўладиган турли муаммоларни ўзим ҳал қила оламан”, — деб. Бу ҳаддан зиёд ўз кучига ишониш деб айтишимиз мумкин.
Масалан, 1 Коринфияликларга мактубининг 10 боби 12 оятидан шундай сўзларни ўқишимиз мумкин: “Шунинг учун ўзининг мустаҳкамлигига ишонган киши йиқилмаслик учун эҳтиёт бўлсин”. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳаётимизда турли хил воқеалар содир бўлиши мумкин. Кимнингдир ҳаётида Худонинг марҳамати доимо бўлса, яна кимдадир муаммолар бўлади. Шундай икки хил вазият бўлганида ҳам, доимо Худога умид боғлаб, Унга бўлган ишончимизни йўқотмайлик. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги электрон почтамизнинг манзилини сизларга эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, мактубларингизни кутамиз. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.