Ассалому алайкум “Дилкаш” радиомизнинг доимий мухлислари. Сизлар билан яна ёзнинг иссиқ кунларида учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азизлар, барчангизга тинчлик-омонлик ва руҳий ҳамда маънавий бойлик тилаган ҳолда бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимизни мавзусини “қўрқинч” деб номламоқчи эдим. Эшиттиришимиз бошида мавзуимизга мос бўлган бир ҳикояни айтиб бермоқчи эдим. “Хуллас, бир мамлакатда савдогар одам шаҳар томонга савдо қилиш учун кетаётган экан. Бирданига у йўлида ўзи томон келаётган вабо касалини кўриб қолиб ундан сўрабди:
“Ҳа, вабо, йўл бўлсин, қаерга қараб шошиб кетяпсан” — деса, фалончи шаҳарга кетаяпман. У ерда нима қиласан? — деб сўрабди савдогар. Бугун мен шу шаҳарликлардан беш минг кишини жонини олишим керак, деб жавоб қилибди вабо касаллиги. Савдогар: “Майли, бора қол”, деб ўз йўлида яна давом этибди. Орадан уч кун ўтгач, савдогар ҳамма нарсаларини сотиб бўлиб ортига қайта бошлабди. Шунда у йўлида бир шаҳарнинг яқинидан ўтаётиб одамларнинг йиғисига дуч келибди ва улардан сўрабди: “Нимага бунчалик ташвишга тушиб йиғлаб юрибсизлар?” Шаҳарликлар жавоб беришибди: “Шаҳаримизда вабо касали тарқалиб, эллик мингдан зиёд одамлар қирилиб кетди,” деб айтишибди.
Шунда савдогар вабо касали билан йўлда гаплашганлиги ёдига тушиб, уларга ҳеч қандай ёрдам беролмай, яна йўлида давом этаверибди. Қаранг, савдогар яна йўлида ўша вабо касалини учратиб қолиб, унга жаҳл қилиб дебди: “Сен нима учун менга ёлғон гапирдинг? Ахир сен айтган эдинг, беш минг кишини жонини оламан? — деб. Шаҳарга бориб билсам, сен эллик минг кишини жонини олибсанку”. Шунда вабо жавоб қилган экан: “Мен ростан ҳам беш минг кишини жонини олдим. Қолганлари касалликдан ўлаётганларни кўриб қўрққанларидан ўлиб қолишди, бунда мени айбим йўқ,” — деган экан.
Ҳикоямиз балки унчалик қизиқмасдир. Лекин барчамиз ўйлаб кўришимиз учун нимадир бор. Азиз биродарлар, охирги пайтларда кўпчилик биродарларимиз нимадандир қўрқиб қолишди. Ана шу қўрқиш орқали ибодатхоналарга ҳам бормай қўйдилар. Бу қўрқинч доимо инсонларни қўрқитиш билан оворадир. Қўрқинч айниқса яхши ишлай оладиган жойларида мустаҳкам ўрнашиб олади ва инсонларни ортидан эргашиб юради. У шунчаки эргашмайди, қўрқинч инсонлардаги имон ва ишончини аста-секин емириб-кемириб боради.
Аслида қўрқинч Одам Ато ва Момо Ҳаво давриданоқ инсонларни қўрқитиб келмоқда. Эсингизда бўлса, улар биринчи гуноҳни содир этганларида ва Худо билан учрашишдан қўрқиб яшириниб олишган эди. Азиз биродарлар, қўрқинч Худодан қўрқади. Кимки Худо билан бирга юрса, у ҳеч нарсадан қўрқмайди. Раббимиз Исо Масиҳ доимо сақлаб асрашига ишонган ҳар бир масиҳий қўрқинчни ҳам енга олади. Азиз биродарлар, сиз билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам. Вақтингиз бўлганда сайтимизга марҳамат қилинг: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинг, азиз биродарлар.