Ассалому алайкум азиз радиомиз мухлислари. Яна сиз азизлар билан радиомиз қаршисида ғойибона учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, ҳар бир масиҳий киши учун Худовандга бўйсуниб яшашдан ортиқ нарса бўлмаса керак. Азизлар, тингланг, эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз биродарлар, Юҳанно китобининг 13 боби 33 оятидан бир оятни ўқисак:
“Болаларим! Энди Мен сизлар билан узоқ бўлолмайман. Мени қидирасизлар. Яҳудий мансабдорларига айтган эдим, сизларга ҳам айтаман: Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.” Раббимиз Исо ушбу гапларни айтганидан сўнг, Бутрус шу заҳотиёқ Раббимиздан сўрайди. Келинг, азизлар, ушбу Бутруснинг гапларини ҳам каломдан ўқиб кўрайлик.
Бу оят ҳам айнан шу бобнинг 36 оятида келтириб ўтилади. “Симун Бутрус Исога деди: Раббим, Сен қаерга кетяпсан? Энди Мен борадиган жойга сен орқамдан боролмайсан, кейинчалик борарсан, деди унга Исо.” Азизлар, ёдингизда бўлса, Раббимиз Исо Бутрусга учта оддий сўзларни айтган эди, яъни “Мени ортимдан эргаш” деган гаплар. Шу оннинг ўзидаёқ Бутрус бор-бутини йиғиштириб, Исо Масиҳнинг ортидан эргашган эди.
Шу эргашишдан кейин у Раббимизни бир зумга бўлса-да ташлаб кетмаган эди. Раб Исо қаерга бормасин, Бутрус доимо У билан бирга борарди. Раб Исо Ўзи билан ҳатто уни Кана шаҳрига тўйга ҳам олиб борган эди. Ҳатто Бутрус сув юзида юриб, Раббимизнинг олдига боришга ҳаракат қилган эди. Мана энди шундай бир вақт келган эдики, энди Бутруснинг олдидаги Раббимиз томон кирадиган эшиклар ёпилмоқда эди.
Албатта, Бутрус буни сезгандир, балки сезмагандир. Нима бўлганда ҳам, Бутрус ташвишланиб қолган эди. Раббимизнинг “сен энди Мени ортимдан боролмайсан” деган гапи Бутрусни анча ўйлантириб қўйди. Азизлар, агар инсон ўзининг энг ёқтирган нарсасидан ёки энг яқин кишисидан айрилишини билса, қанчалик ташвишланади. Энди ҳаётини қолган қисмини ўзи ёлғиз босиб ўтишини билса, ғам- ғуссага ботиб йиғлай бошлайди.
Бу, албатта, табий ҳол. Азиз биродарлар, агар Раб Исо юрагингизда яшаётган экан, Ундан ажралиш қанчалик оғир эканлигини тасаввур қилганмисиз? Раббимиз Исони қўлидан маҳкам тутиб, Уни этагига ёпишиб олинг. Раббимиз Исо Масиҳ доимо биз билан бирга. У ҳар бир кечирилган инсоннинг юрагида яшамоқда. Кимнингдир эса юрагидан энди жой олмоқчи. Азизлар, юрагингиздан Раббимиз Исога кенгроқ жой беринг. У ҳар биримизга ором беради, баракалаб Ўзининг жаннатига боришимиз учун имкон беради.
Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернетдаги сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга эслатиб ўтсам: www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг ва бизнинг “Дилкаш” радиомизни тинглашда давом этинг, азизлар. Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.