3:03

Мактаб жуда зерикарли

MP3

Ассалому алайкум. Қадрли оналар биз болалар нега мактабни жуда зерикарли деб билишади, деган саволга жавоб беришдан олдин, бир болакай ҳақидаги ҳикояни эшитсак.

Сарвар ҳамма учун сирли бола. Кўринишидан жуда ақллига ўхшайди. Мияси жуда қизиқ фикрларга тўла. У тенгдошлари билан ҳазиллашишни ҳам ўрнига қўяди. Баъзи кунларда мактабда жуда яхши ўқийди, уй вазифаларини яхши бажаради, имтихонларни яхши топширади. Бироқ бошқа кунларда у ўзини бошқача тутади. Ҳеч нарсани яхши бажара олмайди. Уй вазифа тайёрламай келади. Ҳеч ким уни тушунмайди. Ота-онаси ҳам ўқитувчилари ҳам унга: «Яхши ҳаракат қилсанг, ҳамма фанлардан яхши ўқиш қўлингдан келади. Сен жуда зийрак боласан»,- дейишади. Сарвар эса ҳаракат қилаяпман, лекин ҳаракат қилиш доим ҳам осон эмас, деб ўйлайди.

Сарвар дарсда ўтириб, ўқитувчининг дарсларини тинглаётганида, ҳаёллари уни бошқа ёқларга бошлайди. Ўзини бироз толиққандай ҳис қилади. Жимгина ўтириб қулоқ солиш уни зериктиради, шунинг учун ҳам келажак ҳақида ҳаёл қилишни ёқтиради. Дарсдан кейин нималар қилишни режалаштиради. У кўп ҳаёл суради. Мана масалан ўтган ҳафтада ўқитувчиси негадир математика дарсида кўм-кўк осмон ҳақида гапирди. Шу сўз баҳонасида Сарварнинг ҳаёли осмонга кетди. У атиги бир неча дақиқагина ҳаёл сурди холос. Аммо ўша куни дарснинг асосий қоидасини эшитолмай қолди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, математик қоидани билмаган бола, математикадан уй вазифасини қандай аълога бажарсин?!

Агар мавзумиз мағзини чаққан бўлсангиз, асосан айтмоқчи бўлган гапим, бу диққат қилиш ҳақида. Диққат қилишни бошқача қилиб, диққатни жамлаш дейиш ҳам мумкин. Мактабда яхши баҳоларга ўқий олмайдиган болаларнинг асосий муаммоси диққатларини жамлай олмаслигида. Бу нарсани ўқувчилар ҳам, ота оналар ҳам баъзида ўқитувчилар ҳам билмаслиги мумкин. Баъзан биз катталар ҳам мана шу муаммога дуч келамиз. Айнан зарур бўлганида диққатимизни жамлай олмай қоламиз. Диққатни жамлаш осон иш эмас. Баъзи болалар учун эса бу умуман қийин иш. Болага «Диқатингни жамла», — деявериш билан иш битмайди. Диққатни жамлаш мия билан боғлиқ иш эканини унутманг.

Биласизми, мактабда ҳаёлни олиб қочадиган нарсалар кўп. Масалан, ўртоқларнинг кийиниши, соч турмаги, деразадан кўриниб турган кўм-кўк осмон, булутлар, залдан келаётган болаларнинг шовқини, ва ҳокозолар.

Бола бу нарсаларга чалғиши табиий. Мактабда яхши ўқиш бу худди телевизор кўришга ўхшайди. Бола телевизор кўрганида, ўзига керакли бўлган канални топиб олади ва томоша қилади. Мактабда ўтирганида ҳам бола, ўзига керакли бўлган маълумотга диққатни қаратишни, бошқа нарсаларга эса эътибор қилмасликни ўрганиши керак. Уйда телевизор кўраётганда бола, бутун диққатини телевизор экранига қаратади. Мактабда эса, бутун диққатини, ўқитувчига ёки синф ишига қаратиши керак. Ҳаётимизда қўллайдиган кўпгина техник воситаларнинг филтрлари бор. Масалан, чангютгични, ҳаво совутгични ва ҳокозо. Бола ҳам кўзи ва қулоғи орқали четдан қабул қилаётган маълумотларни филтрлашни ўрганиши керак. У фақат ўзига керак бўлган ва ундан талаб қилинадиган нарсаларнигина қабул қилиши лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top