3:09

Қутқарилиш

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Азиз биродарлар, Муқаддас Китоб Раббимиз Исо Масиҳни Қутқарувчи деб атайди. Бундай номни Марямга фаришта келганида айтган эди. Юсуфга ҳам Худованднинг фариштаси айнан шу ҳақида гапирган эди. Азиз биродарлар, Матто китобининг 1 боби 21 оятидан бир оятни келтириб ўтсак: “У ўғил туғади ва Унинг исмини Исо қуясан, чунки У Ўз халқини гуноҳларидан қутқаради.”

Азиз радио тингловчи, Исо деган исмнинг маъносини барчамиз яхши биламиз. Шундай бўлса-да, мен бугун Раббимизнинг Исмини яна бир бор тарифлаб ўтишдан чарчамайман ва эринмайман. Чунки Унинг Ўзи ҳам, исми ҳам юксак шарафларга лозим. Исо яҳудий тилида Ешуъа, яъни Худованд нажот беради, дегани. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай, чунки Раббимиздан бошқа Нажоткор ва Қутқарувчи йўқ. Бундан кейин ҳам бўлмайди. Муқаддас Китоб айтиб ўтган: қутқаришнинг алоҳида ўз мақсади бор. Аслида қутқарилиш сўзини ҳар хил маънода ишлатишимиз мумкин. Масалан, қандайдир бир балодан, офатдан қутқарилиб қолиш. Бундан ташқари кимнингдир ёрдамида инсонга қандайдир касалликдан қутқарилишига ёрдам бериш мумкин.

Яна кимгадир душманларнинг қўлидан қутқарилиб қолишида ҳам ёрдам бериш мумкин. Хуллас қутқарилиш ҳар хил бўлади. Лекин, азизлар, Раббимиз Исо Масиҳ биз инсонлар учун олиб келган қутқариш режаси умуман бошқачадир. 1Салоникаликларга мактубининг 1 боби 10 оятини ўқиб кўрсак: “Унинг Ўғли Исонинг кўкдан тушишига кўз тикиб юрибсизлар. Худо Ўз Ўғли Исони тирилтирди, токи У бизни келажак Худо ғазабидан халос қилсин.” Худованднинг ғазаби ҳақида биз Яҳё пайғамбарнинг одамларни сувга чўмдириш вақтидаги қилган воизлигида ҳам эшитганмиз. Худованднинг ғазабидан ҳеч ким қочиб қутила олмайди. Биз юқорида қутқарилиш ҳақида кўплаб мисоллар келтириб ўтдик. Албатта, бу бежиз эмасди. Инсонлар бир-бирига нимададир ёрдам бериши — қутқариши мумкин.

Лекин Худованднинг ғазабидан қутқарилиш учун катта амалдорлар ҳам ҳеч кимга ёрдам бера олмайди. Шунинг учун ҳам Раббимиз Исо Масиҳ ер юзига ташриф буюрди. Фақатгина У барча хоҳловчиларга ёрдам беради ва Худонинг ғазабидан қутқара олади. Азиз дўстлар, агар орамизда кимдир қутқарилишни истаса, Раббимиз Исо Масиҳга мурожаат қилиб ёрдам беришини ва гуноҳнинг қуллигидан қутқаришини сўрасин. Раббимиз, албатта, уни эшитади. Шунингдек, азизлар, агар гуноҳларингиз учун тавба қилишни истасангиз, лекин буни қандай қилишни билмасангиз, бизнинг интернет сайтимизга марҳамат қилинг ва сайтимиздан буни қандай қилиб амалга оширишингиз мумкинлиги ҳақида маълумот олишингиз мумкин. Манзилимиз: www.najot.com азизлар, бизни “Дилкаш” радиомизни тинглашда давом этинг, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top