Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан яна болалар мавзусига бағишланган эшиттиришимизни бошламоқчиман. Болаларни тарбияси, уларни Худони севадиган, Унинг амрларига қулоқ тутадиган қилиб тарбиялаш — биз ўйлаганчалик осон иш эмас. Бунинг учун ҳар бир масиҳий ота-она анчагина меҳнат қилиб тер тўкишига тўғри келади. Масалан, айрим оилаларда болалар ҳатто ибодат қилиб Худо билан гаплашишни ҳам билмайди. Бошқа бир оилада эса, фақатгина овқатланиш пайтида болалар бир-икки оғиз гап билан Худога раҳмат айтиб ибодат қиладилар.
Азиз биродарлар, мен бундай ибодат қилиш яхши эмас, деб айтмоқчи эмасман, балки болаларимиз ўзларига ёд қилиб олган бир хил ибодат сўзларини ҳар доим такрорлашади. Бу эса болалар Худога ибодат қилишни ва У билан гаплашишни яхши билмаганликларидан даракдир, деб айтмоқчиман холос. Агар биз инсон ҳаётини бошланиш даврини кўриб чиқадиган бўлсак, ибодат бу — Одам Ато ва Момо Ҳавонинг ҳаётларини энг асосий қисми бўлганлигини кўришимиз мумкин. Одам Ато ва Момо Ҳаво Худованд билан ҳар куни суҳбатлашган ҳолда ўзларининг муносабатларини Худо билан янада мустаҳкамлаб боришар эди. Ушбу суҳбатлашишни эса биз ибодат деб биламиз. Ҳар биримизга яхши маълумки, Адан боғида улар Худо билан учрашиб биргаликда вақт ўтқазишар эди. Улар Худонинг овозини эшитиб туришар эди ва шу орқали улар Худонинг қаердалигини билишар эди.
Энг қизиғи, улар Худо билан оддий суҳбат қилиб, бунда ҳеч қандай ажабланарли нарсани кўришмасди. Масалан, Ибтидо китобининг 3 боби 8 оятдан 10 оятгача бўлган жойларида шундай ёзилган. Келинг, азиз биродарлар, ушбу оятларни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Кунинг салқин шабадаси эсган вақтда Одам ва унинг хотини боғда юрган Худованди Каримнинг овозини эшитиб қолишди. Улар Унинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасида яширинишди. Лекин Худованди Карим Одамга хитоб қилиб, сўради: Қаердасан? Мен овозингни боғда эшитдим-у, қип-яланғочман деб қўрқиб, яшириндим, деди Одам”.
Азиз биродарлар, мана шу суҳбатдан сўнг одамлар ўзларининг кимлиги ҳақида ва гуноҳ ҳақида билиб олишди. Шундан сўнг инсонлар билан Худонинг орасидаги муносабат ҳам узилиб қолди. Ҳурматли биродарлар, Худованд биз катталарни ҳам, ҳатто кичик болаларни ҳам У билан суҳбатлашишимизни жуда истайди. Шундай экан, болаларимизга ҳам Худо билан ибодат орқали тўйгунларича суҳбат қилишлари мумкинлиги ҳақида ўргатайлик. Ўзимиз ҳам Худо билан ибодат орқали суҳбат қилишга эринмайлик. Одам Ато ва Момо Ҳаво каби Худованддан яшириниб юрмайлик. У бизнинг ҳар бир суҳбатимизни, яъни ибодатимизни диққат билан тинглашни яхши билади. Азизлар, шунинг билан бугунги мавзумизни якунламоқчиман. Бундан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинг, азиз биродарлар.