Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-саломат учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сиз азизлар билан яна кичик уй жамоати гуруҳлари ҳақида суҳбатлашсак. Ҳозирги кунда ҳатто эркинликка эга бўлган давлатларда ҳам кичик уй гуруҳларини ривожлантириш ҳақида кўплаб ишлар олиб борилмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири, кичик уй гуруҳлари тезлик билан ўсиб бориши мумкин экан. Албатта, бу тўғри фикр эканлигини барчамиз биламиз.
Бундан ташқари, уй гуруҳларида биродарларнинг бир-бирлари билан бўлган муносабати ҳам жуда мустаҳкам бўлади. Азиз биродарлар, уй гуруҳларини ташкиллаштиришдан асосий сабаб — юқорида айтиб ўтганимиздек, тез-тез бошқа гуруҳларга бўлиниб туриши орқали гуруҳларнинг сони кўпаяди. Бунинг учун албатта, гуруҳда иштирок этадиган биродарларнинг руҳан ўсиб имонда кучли бўлиши жуда муҳим. Сабаби — улар албатта, биринчи галда ўзларининг яқинларига Хушхабар айтадилар. Гуруҳнинг ўзи эса имонга келган янги биродарларни руҳан ўстириб бориш билан шуғулланади.
Янги имонга келган биродарларни, албатта, гуруҳга келганларидан сўнг улар ўзларини бошқаларнинг орасида эркин ҳис қилишларини таъминлаш керак. Янги биродарлар ўзларини бегоналар орасига тушиб қолгандек ҳис этмасинлар. Бунинг учун хизматчилар йиғилиш пайтидаги муҳитни эркин бўлишини таъминлаши лозим. Хуллас, хизматчилар ва йиғилишни олиб борувчиларга жуда кўп нарса боғлиқ бўлади. Агар тажрибадан келиб чиқадиган бўлсак, янги имонга келганлар бошида кўпроқ Хушхабар тарқатишга ҳаракат қилиши исботланган. Буни ҳатто ўзимизнинг имонга келган пайтларимиздаги хизматларимиздан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Азиз радио тингловчи, агар гуруҳингиздаги янги имонга келган биродарлар Хушхабар айтишни истасалар, уларни олдини тўсманг. Аксинча улар нималарга эътибор беришлари кераклигини уларга тушунтириб ўтинг. Ҳозирги кунда бизнинг мамлакатимизда Хушхабар тарқатиш учун жуда кўплаб имкониятлар бор. Тўғри, бу қонуний эмас, албатта. Лекин Худованд учун хизмат қилиш ҳар биримиз учун олий шарафдир. Масалан, кимнидир ёки кимларнидир меҳмонга чақириш орқали ёки турли хил гап, чойхона, бундан ташқари оддий меҳмондорчилик орқали Худованднинг ажойиб Хушхабарини тарқатишимиз мумкин.
Азиз биродарлар, ҳар бир уй жамоатлари янада ривожланиб руҳан кучли бўлишни истаётган бўлса, албатта, Худога хизмат қилиш орқали барча истакларини амалга оширишлари мумкин. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтишни хоҳлардим. Албатта, имконингиз бўлганида сайтимизга марҳамат қиласиз деган умиддамиз. Манзилимиз: www.najot.com Азизлар, биродарлар, яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, соғ ва саломат бўлинг, азиз биродарлар.