2:56

Уй гуруҳлари 063

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-саломат учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сиз азиз биродарлар билан кичик уй жамоатлари ҳақида кўп бора суҳбатлашдик. Ўйлайманки, ҳар бир гуруҳ чўпонлари ҳамда хизматчилари ушбу эшиттиришларимиздан ўзлари учун керакли маълумотларга эга бўлмоқда.

Азизлар, кичик уй гуруҳлари жамоатларимизда болаларнинг ҳамда ўсмирларининг ҳам ўз ўрни мавжуд. Айниқса ўсмирлик даври ҳар бир инсоннинг ҳаётида аҳамиятли ўрин тутади. Ҳар бир ўсмир шу даврда ҳаётларида керак бўладиган ўз йўлларини излаб топишга ҳаракат қилади. Азиз биродарлар, кўплаб ота-оналар ўзларининг ўсмир фарзандлари ҳақида турли саволлар билан бизга кўп маротаба мурожаат қилишган.

Албатта, кўп нарса фақатгина бир нарсага бориб тақалади. Азизлар, сиз ўз фарзандларингизни дўстлари кимлиги билан қизиқиб кўринг. Албатта, ҳар бир ўсмирга имонли дўст жуда зарур. Уй гуруҳларининг олдидаги яна бир вазифа: турли гуруҳлар маълум вақтларда ўсмирларни таништириб бир-бирлари билан дўст бўла олишлари учун турли учрашувлар ташкиллаштириб туришлари керак. Бундай учрашувлар ҳар бир жамоат учун фақатгина фойдали бўлади. Жамоатга кам келадиган ўсмир болаларни бориб кўриш, уларнинг муаммоларидан хабардор бўлиш ва уларни жамоатга таклиф қилиш — ҳар биримизнинг олий мақсадларимиздан бири бўлиши керак.

Азизлар, агар ёдингизда бўлса, ҳаворий Павлус ёшларга қарата шундай деб айтган эди: “Ёшлик эҳтиросларидан қоч, соф қалбдан Раббимиз Исони исмини чақирган ҳамма одамлар билан бирга солиҳлик, имон, севги ва тинчлик пайидан бўлгин”. Жамоат ўсмирларни ушбу оятга амал қилиш учун уларни шунга қарата етаклайди. Азиз хизматчилар, гуруҳда ўсмирлар учун алоҳида йиғилиш ташкиллаштириш ҳам ажойиб хизмат турларидан бири. Албатта, бундай йиғилишлар усмирлар учун қизиқарли бўлиши керак. Бундан ташқари ҳафта давомида ўсмирлар учун алоҳида турли ўқишлар, семинарлар ташкил қилиш ҳам мумкин. Агар ўсмирларга сиз билан бирга Худога хизмат қилиш имкониятини берсангиз, улар албатта буни хурсандчилик билан қабул қилади.

Бу қандай хизмат бўлиши мумкин. Албатта, катталардан кимдир ногиронлар уйига бориб турадиган бўлса, ўсмирлардан танлаб кимларнидир ўзи билан бирга олиб бориши мумкин. Бундан ташқари ёзги болалар лагерларида ҳам ўсмирлар катта ёрдамчи бўлиб хизмат қилишлари мумкин. Энг муҳими, уларни ўсмирлик даврида содир бўлиши мумкин бўлган турли хатолардан сақлаб қолиш — ҳар бир жамоатларнинг асосий вазифаларидан бири. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини эслатиб ўтсам. www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top