3:13

Руҳий ғалаба 176

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Эфирда “Дилкаш “ радиоси, марҳамат, тингланг. Муқаддас Китобда сиз билан биз яшаб турган бу дунёда ҳукм сураётган ёвузликлар ҳақида жуда аниқ қилиб гапириб ўтилган. Худованд Ўз каломи орқали буларни ёзишидан асосий мақсади, биз инсонларни турли хил гуноҳлардан огоҳлантириш бўлган. Лекин инсон шундай огоҳлантиришларга қарамай, ўз йўлида давом этиб бормоқда. Бунинг натижасида эса ўзига кўплаб муаммоларни келтирмоқда. Муаммолар эса ўз навбатида инсонни гуноҳ қилишга ҳам мажбур қилади.

Руҳий дунёда чиндан ҳам ёвуз кучлар борлигини, улар дунёга ва инсониятга катта таъсир ўтказиши мумкинлигини Каломнинг кўп жойларида ўқишимиз мумкин. Барчамизга яхши таниш бўлган ҳаворий Павлус уларни “ҳокимлар”, яъни бошқарувчилар деб атайди. Янги Аҳдда бу сўз ўрнига баъзан жин-ажиналар деб ёзилган: масалан Римликларга китобининг 8 боби 38 оятини биргаликда ўқиб кўрсак:

“Мен аминманки, на ўлим ва на ҳаёт, на фаришталар ва на жин-ажинлар, на ҳозирги ва на келгуси ҳодисалар, на баландликлар ва на чуқурликлар ҳамда на яратилган бошқа бирон мавжудот Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмас.” Бундан ташқари яна Колосаликларга мактубининг 2 боби 15 бобида ҳам шундай ёзилган: “Ўша хоч орқали руҳий ҳоким ва ҳукмронликлар устидан ҳам ғалаба қозонди.

Уларнинг қурол-яроғини олиб қўйди-да, уларни Ўзининг тантанали юришида юрғизиб, расвои олам қилди.” Ушбу оятлардан ташқари яна Титусга мактубининг 3 боби 1ояти ва Эфесликларга мактубининг 1 боби 21 оятида ҳам шулар ҳақида ўқиб кўришингиз мумкин. Шайтон доимо Худога қаршилик кўрсатиб келган. Шунинг учун ҳам у Худованд яратган инсонларни йўлдан уришга ҳаракат қилади.

Шайтоннинг бундай йўл тутишининг сабабларидан бирини шундай изоҳлашимиз мумкин. Ўзингиз ўйлаб кўринг: агар кимдир бировни фарзандини йўлдан оздириб унга турли хил ёмонликларни ўргатса, албатта, оила бошлиқлари учун катта хафачиликлар келтирган бўлади. Шайтон ҳам инсонларни йўлдан оздириб, айнан Худовандга оғриқ келтирмоқчи. Азиз биродарлар, Худовандни ўзимизнинг ажойиб юриш-туришимиз билан ва ҳақиқий масиҳийлик ҳаёти билан хурсанд қилайлик.

Биз юқоридаги сўзлар билан ҳамма гап шайтонда, одамлар бу ишларда айбдор эмаслар демоқчимасмиз. Бироқ ёлғонга ишониш ёки ишонмаслик — инсоннинг ихтиёрида бўлгани учун, шайтон бу икки йўлдан бирини танлайди. Азиз биродарлар, ҳаётимиз руҳий жангдан иборат. Бу жангда ғолиб бўлишни эса ҳар биримиз истаймиз. Ғалаба эса чин юракдан ҳаракат қилган барча инсонларга насиб қилади. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com мактубларингизни кутамиз. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top