Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали кўплаб биродарларимизни қизиқтирган саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг руҳан ўсиши учун Худо турли касалликларни синов сифатида бермайдими? — деган савол.
Гуноҳ Худо томонидан касалликлар юборилишига сабаб бўлиши мумкинми? Ушбу саволларга бир таниқли масиҳий биродаримиз шундай жавоб берган эди. Бундай булмағур фикрларни миянгиздан умуман чиқариб ташланг, деб айтган экан. Худованд ҳар бир масиҳий кишига шундай ваъда берган эди: Самога Худованднинг олдига борган пайтимизда ҳеч қандай касалликлар булмайди.
Жаннатга кириш ҳуқуқига эга бўлганларнинг барчаси мутлақ соғлом танага эга бўлишади. Албатта, буларнинг барчаси Раббимиз Исо Масиҳнинг иккинчи бор ерга келиши ва У Ўзига тегишли бўлган биродарларини танлаб олиш вақтида содир бўлади. Шуни билган ҳолда, азиз радио тингловчи, барчамиз тўғри ва ҳалол яшашга ҳамда ҳақиқий масиҳий инсон бўлишга тиришайлик. Ер юзида бўлган вақтимизда турли касалликлар, албатта, бўлиши муқаррар.
Баъзи пайтларда инсонларнинг ўзлари турли касалликларга чалинишига сабабчи бўлади. Масалан, спиртли ичимликларни ичиш — инсон организмига салбий таъсир қилишини билган ҳолда барибир уни истеъмол қилиш. Албатта, бундай қилишнинг оқибатида инсон жигар касаллигини ўзига ўзи орттириб олиши мумкин. Жисмоний меҳнат билан ёки спорт билан шуғулланмаслик орқали яна бошқа касалликларни ҳам орттириб олиш ҳеч гап эмас.
Энг ачинарлиси шундаки, инсон ўзининг айби билан касалликни орттириб олиши мумкин. Охир-оқибатда эса, нима учун Худо менга ушбу касалликни раво кўрди, деб нолиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Азиз радио тингловчи биродарлар, биз аниқ билишимиз керак: танамизда кечаётган касаллик қаердан келди? Бунга ўзимиз айбдорми ёки яна бошқа сабаблари ҳам борми? Ҳеч бир ота ёки она ўзининг фарзандини тарбиялаганида, ўз боласига нисбатан касалликни раво кўрмаса керак.
Чунки ҳар қандай ота-она фарзанди қандай бўлишидан қаътий назар барибир севади. Шу каби биз кимга тегишлимиз? Албатта, биз ҳам Худованднинг фарзандларимиз, Худованд ҳам бизни Отамиз бўлгани учун бизга касалликларни раво кўрмайди. Танамизнинг мутлақ соғлом бўлиши эса, балки бугунги кунда эмас, лекин, албатта, келажакда Худованд билан бўладиган учрашувимиз вақтида бўлишига ишонамиз. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизлар, ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com
Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашишдан аввал яна бир гап: ҳаётимизда бўлаётган барча хурсандчилик ва ташвишлар учун ҳам Худога шукур айтиб, Уни исмини улуғлайлик. Ҳайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.