Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан яна руҳий ғалаба ҳақидаги эшиттиришимизни давом эттириш ниятидаман. Марҳамат, тингланг. Масиҳий биродарнинг имони қандайлиги, албатта, синовлар вақтида билинади. Бундай деб айтишимизнинг сабаби бор. Мен тахминан ўн йил ўзбек миллий жамоатига келган вақтимда, бизнинг жамоатда юзлаб ёш биродарларимиз бор эди.
Албатта, барчамиз имонда ўсиб-улғайиб бораётган бир пайтимизда қўққисдан оммавий қувғинлар бошланиб кетди. Шу пайтда бирданига кўпчилик биродарлар жамоатга келишдан бош тортишди. Тўғри, кимнидир ота-онаси, ўзининг яқинлари йўлдан қайтарди. Бошқаларни эса ишхона ёки ўқиш жойидаги муаммолар боши берк кўчага олиб борди. Яна кимдир эса ўзининг оила аъзолари ва ота-онасининг обру эътиборини ҳисобга олиб, Худодан Раббимиз Исо Масиҳдан воз кечиб кетишди. Ҳозирги кунда жамоатда фақатгина содиқ хизматчилар қолишган, деб ўйлайман. Хабарингиз бор: ҳозир ҳам қувғинлар кучайса кучайиб бормоқда, лекин юмшаганича йўқ.
Азиз радио тингловчи биродарлар, ўйлашимча, Худованд билан бирга бўлиш, Унга чин дилдан хизмат қилиш, ҳеч бир чирим олганидан кейин ҳам дунёвий ташвишлар ва васвасалар доимо унга халақит қилади. Агар гапимиз ёлғон бўлганида эди, унда барча Масиҳга имон келтирган биродарларнинг имони максимал даражада ўсган бўлар эди. Албатта, барча синовлар Худованднинг хоҳиши бўйича биродарларга берилади. Бунда Ўзига яраша Худонинг мақсадлари бор. Албатта, ҳар қандай синовлардан кейин биродарларга марҳамат келиши аниқ. Худованд бизнинг имонимизни оловда тоблаб кўради.
Бундан мақсади эса, тавбамиздан кейин ҳам бизнинг руҳий ўсишимиз учун халақит қилиб турган нарсаларни олиб ташлашдир. Баъзида биз инсонлар инсонавий фикр юритиб: бўлди, мени имоним ўсиб охирги нўқтасига етди, деб ўйлаймиз. Лекин бирданига бошимизга келган синовларга ҳайрон бўлиб қоламиз. Ва демак, мени Худо ташлаб қўйган экан-да, деб ўйлаймиз. Масалан, профессионал спорт билан шуғулланмоқчи бўлган одамлар бирданига профессионал спортчи бўлиб қолмайди. Бунинг учун кўп вақт тер тўкишга ва меҳнат қилишга тўғри келади. Орадан кўп йиллар ўтгач, ўйлаган мақсадга эришиш мумкин. Балки шунга ўхшаб имонда ўсиб боришимиз учун ҳам йиллар керак бўлар.
Қилган меҳнатимиз эса, албатта, Худованднинг марҳамати билан тақдирланишига мен ишонаман. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, албатта сиз биродарларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашиб, барчангизга мустаҳкам имон ва синовлар пайтида сабр-тоқат тилаб қоламан. Оилангизга тинчлик, хотиржамлик тилаймиз. Хайр саломат бўлинг.