Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан мен, эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азизлар, Худованд биз имонлиларга радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашишга имконият бермоқда, шу имконият учун миннатдормиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бундан бир неча йиллар олдин мактабда ёки олий ўқув юртларида ўқиганимизда, айрим ўқитувчиларимиз: “Худо йўқ” — деган гапни қайта-қайта такрорлашар эди. Орадан унчалик кўп вақт ўтмасдан эса, шу гапни айтган кўпчилик инсонлар ўз фикрларидан қайтиб, ўзларининг танлаган йўлларидан бориб Худони излашга интилиб бормоқдалар.
“Худо йўқ” деган гапни эшитган пайтингизда ён-атрофингизга бир назар ташланг. Ҳар биримиз қандай ажойиб дунёда яшаб ҳаёт кечиряпмиз. Самога бир назар солинг, табиатдаги ўзгаришларни ҳам бир кузатинг. Ахир Худодан бошқа яна ким шундай ўзгаришларни қила олади?! Ҳа азиз радио тингловчи, фақатгина Худованд бу дунё билан истаганини қилиши мумкин. Атрофга назар солганимизда Худованднинг борлигини тасдиқловчи кўплаб ҳақиқатларни топишимиз мумкин. Муқаддас каломнинг Забур китоби 13 боби 1 оятида шундай ёзилади: “Аҳмоқ ўз кўнглида: “Худо йўқ,” — дейди. Бундайлар бузилиб, разолат ботқоғига ботар. Яхшилик қиладиган ҳеч кимса йўқдир.”
Мана шу оятда айтилишича, фақатгина аҳмоқ одамгина: “Худо йўқ,” — деб айтади. Бундан ташқари Забур китобининг 18 боби 2 оятини ҳам биргаликда ўқиб кўрсак: “Осмон Тангри улуғворлигини эълон этар, фалак Унинг яратганларини баён этар.” Ушбу оят орқали бутун осмон Худованднинг борлигини исботлаб бераётганлигини кўришимиз мумкин. Осмондан тушаётган бир томчи ёмғир ёки бир парча қор бўлаги ҳам Худонинг рухсатисиз ер юзига тушмайди. Барча содир бўлаётган ҳодисалар ҳам Худонинг рухсати ила содир бўлмоқда. Муқаддас китобда баён этилган биринчи гап эсингизда бўлса керак.
Яъни “Азалда Худо осмон билан ерни яратган.” Муқаддас китоб ҳеч ким билан баҳслашишни истамайди ёки кимгадир Худони борлигини исботлаб бериш учун ёзилмади. Ишониш ёки ишонмаслик ҳаммани ўз қўлида. Лекин бир нарса аниқки, ҳали дунёда ҳеч нарса бўлмаганида У бор эди. Бутун борлиқ У орқали барпо бўлди. Шу жумладан биз инсонлар ҳам. Муқаддас китобни ўқиганимизда, Худо бутун дунёни қандай қилиб яратганини ва яратилишдан сўнг дунёда нималар содир бўлганини кўришимиз мумкин. Азиз биродарлар, ҳар куни Худовандни улуғлайлик. Унинг қилган ажойиб ишлари учун Худодан миннатдор бўлайлик.
Агар Раббимиз Исо Масиҳ биз инсонларнинг гуноҳлари учун қурбон бўлишга рози бўлмаганида, одамзоднинг аҳволи нима бўлишини ҳатто тасавур қилиш ҳам даҳшатли. Раббимизнинг хочдаги ўлими туфайли биз бугун шундай ажойиб имкониятга эга бўлиб турибмиз. Ҳурматли биродар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтишни хоҳлардим: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинг.