Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сизлар билан радиоэфир орқали ғойибона бўлса-да учрашаётганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Сизлар билан “Дилкаш” радиоси. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, кўпгина масиҳий биродарларимиз васвасага тушиб қоладиган бўлсалар, нимагадир қаттиқ хафа бўладилар. Азиз биродарлар, шуни яхши билишимиз керакки, васваса дегани ҳали гуноҳ қилди дегани эмас.
Васвасадан чиқиб кетса бўлади. Бу, албатта, инсоннинг ўзига ва унинг имонини қанчалик мустаҳкам эканлигига боғлиқ. Васваса дегани, бу шайтон инсоннинг юрагини эшигини тақиллатиб кўряпти дегани. Гуноҳ эса, агар сиз шу таққиллатишга юрагингизни эшигини очишдир. Шунинг учун, азиз биродар, шайтон юрагингиз эшигини тақиллатиб сизни васвасага солаётган бўлса, ҳечам хафа бўлманг. Васвасадан қутулишнинг энг яхши усули — васвасадан узоқроққа қочишдир.
Масалан, ёнингизда кимдир ҳар хил бўлмағур гапларни гапирса ёки гуноҳга бошламоқчи бўлса, шу заҳотиёқ у ердан кетганингиз маъқул. Ўйлайманки, Момо Ҳаво учун ҳам худди шундай йўл тутиб, шайтондан узоқроққа кетиши ўзи учун ва бошқалар учун яхши бўлар эди. Лекин Худованд Ўз режаси бўйича иш кўрди ва барибир инсонларни севгани учун барчамизга нажот олишимиз учун имконият яратди.
Азизлар, биз яхши биламиз: нимагадир узоқ назар солиш инсонни васвасага солиши мумкин. Ҳаво ҳам шайтон билан бироз бўлсада суҳбатлашди ва суҳбат давомида у Худо томонидан тақиқланган мевани кузатиб, назар солиб турар эди. Бунинг устига шайтон айнан шу мевани мақтаб тарифлар эди. Охир-оқибат Ҳаво чидай олмай мевани еб кўрди ва гуноҳ дунёга кириб келди. Яна айтиб ўтмоқчиман, азиз биродар, Худованд гуноҳ деб ҳисоблайдиган нарсага узоқ назар солиб турсангиз, албатта, шайтон васваса қилишни бошлайди.
Келинг, шу ўринда мисол келтириб ўтай. Ҳозир кўча-куйларда ҳар хил нарсалар сотилмоқда. Масалан, турли хил китоблар ва журналларни олайлик. Бирор-бир ҳаёсиз журнални қўлга олиб бироз кузатган киши, албатта, сотиб олгиси келади. Балки кўпинча сотиб ҳам олинади. Ўйлайманки, ундаги расмларга назар солиб — ўзи гуноҳ қилиб бўлинди. Шунга қарамай, шайтон бошқа гуноҳларни қилишга яна мажбурлаб кўради.
Хуллас, бир гуноҳни ёки васвасани ўз вақтида тўхтатилмаса, кетидан бошқасини бошлаб келади. Инсон эса шайтоннинг домига тушиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолиши мумкин. Ҳозирги кунда кучада кўплаб гуноҳга бошловчи омиллар топилади. Яхшиси, азиз дўстим, бошқа кўчадан юрган маъқулроқ, шунда Худованднинг марҳамати устингизда бўлади. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азизларга, ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com вақтингиз бўлганда, ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.