3:18

Қобилиятларимиз

MP3

Ассалому алайкум. Биз аёллар табиатан, кўп нарсага қизиқувчан, янгиликка, ўрганишга интилувчанмиз. Бу сифатларимиз албатта яхши. Агар билсангиз, Худо ҳар биримизга қандайдир қобилиятлар берган. Умуман атрофимизда бирорта қобилиятга эга бўлмаган аёл йўқ. Бизга берилган қобилият, худди омонатга берилган пулга ўхшайди. Аввалги суҳбатимизда Исо Масиҳнинг бой ва унинг хизматкорлари ҳақидаги масалини келтригандик. Келинг ўша масални яна қисқача эслатиб ўтаман. Бир бой сафарга жўнашидан олдин, ҳизматкорларини чақириб, ҳар бирининг ўз қобилиятига яраша бирига беш, иккинчисига икки, учинчисига бир ёмбидан бериб жўнаб кетибди. Хизматкорларнинг иккиси пулларини ишга солиб, яна кўпроқ пул ишлашибди. Бир ёмби олган хизматкор эса, пулини кўмиб қўйибди. Қайтиб келган киши, икки хизматкорини алқаб, учинчисини койибди. Учинчи хизматкор эса пулни ишлата олмаганликда хўжайиннинг ўзини айблабди.

Бу масал, бизга берилган қобилиятларни ишлатишимизга ишора қилади. Аввалги суҳбатимизда айтганимиздай, баъзиларимиз, қобилиятларимизни ишлата олмаганимизда, бошқаларни айблаймиз. Ота-онамизни, ака-укаларимизни, қариндошларимизни, ҳамкасбларимизни, дўстларимизни, турмуш ўртоқларимизни ва ҳокозо. Худо бизга қобилият берган экан, бу қобилиятни албатта Унинг йўлида ишлатишимиз керак. Агар қобилиятларимизни ишлата олмасак, уларни йўқотиб қўямиз. Бу фақат қобилиятларгагина тегишли эмас. Биз ҳаётимиз давомида, кўп нарсаларни ўрганамиз, ўша нарсаларни ишлатмасак, ёдимиздан чиқариб қўйишимиз табиий. Ëки бўлмаса, кундалик ҳаёт тарзимизга қарайлик. Ҳар бир аёл бошқа бир аёлдан нимаси биландир устунликка эга. Кимдир ҳеч қандай андозасиз, тикишни билади. Кимдир рецептларга қарамай ҳам мазали овқат пишириши мумкин. бошқа бир аёл эса расмга қараб, чиройли расм чиза олади. Бошқа бир аёл эса механикликни ўрганмаган бўлса ҳам, телевизор, радио, ёки велосипед тузата олиши мумкин. Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришим мумкин. Бу қобилиятлар ишлатилмас экан, ўз-ўзидан йўқолади. Биз бу масал орқали қобилиятларимизни ҳозироқ ишлатишни тушунишимиз керак. Агар 1 Коринфликлар 12 бобни ўқисангиз, бу бобда ҳар биримизга берилган қобилиятлар ҳақида берилган. Бу қобилиятлар руҳий танамиз бўлган жамоатнинг биргаликда ишлашига ёрдам беради. Жамоат ичида ҳар биримиз Худо томонидан берилган қобилиятларимизни ишлатишимиз лозим. Баъзида, қўрқув, ваъзида иккиланиш, баъзида эса журъатсизлигимиз бизни қобилиятларимизни ишлатишдан тутиб туради. Қобилиятингизни ишлатишга имконият берилганда ҳеч нарсани баҳона қилманг. Дарҳол ишга тушинг. Ëдингизда бўлсин, Худо охирги замонда бутун бир жамоатни эмас, ҳар биримизни алоҳида-алоҳида сўроқ қилади. Қобилиятларимизни ишлатган-ишлатмаганимиз ҳақида ҳисобот сўрайди. Агар қандай қобилиятингиз борлигини билмасангиз, ўз-ўзингиздан сўраб кўринг:

Бирор нарсани яхши бажариб, шу ишдан роҳатланаманми?

Мени қизиқтирадиган, ва ўзига тортадиган бирор бир иш борми?

Мени миннатдор ва камтар бўлишимга сабаб бўладиган бирор бир иш борми?

Ичимда бошқаларга хизмат қилишга ундайдиган бирор нарса борми?

Агар шу саволларга ҳеч бўлмаса биттасига «Ҳа» деб жавоб берсангиз, демак сизда қобилият бор. Пайсалга солмай ҳаракат қилинг ҳамда биз билан бизнинг www.majot.com ва dilkash@najot.com манзилимиз орқали боғланинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top