Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, сиз имонга келдингиз. Яъни Раббимиз Исо Масиҳнинг қўлига ҳаётингизни топширдингиз. Энди сиз бу дунёдан олиниб Худонинг шоҳлигига ўтдингиз. Энди сиз янги ҳаётга эгасиз. Энди сиз шайтонга эмас, аксинча Севгиси чексиз бўлган Худонинг фарзанди бўлдингиз. Хаётимиз энди ўзгариши керак. Муқаддас Руҳ орқали Худо ҳаётингизда ўзгаришлар олиб боради. Биз энди Масиҳдан ибрат олиб яшашимиз керак. Келинг, ҳаворий Бутруснинг биринчи мактубининг иккинчи бобидаги оятларни ўқиб берсам. Эй хизматкорлар, фақат юмшоқ ва хушфеъл хўжайинларгагина эмас, балки феъли-хўйи терс бўлганларига ҳам камоли эҳтиром билан итоат қилинглар.
Агар бирор киши Худога ишонганидан виждонан азоб чекиб, ноҳақ ғам-ғуссага чидаса, бу Худонинг иноятидан далолат беради. Агар қилган гуноҳингиз учун таёқ ейишга чидасангиз, бу сизга қандай шараф келтиради? Аммо яхшилик қилиб, азобга чидасангиз, Худо бундан рози бўлади. Худо сизларни ана шу мақсадда даъват этган. Масиҳ ҳам: «Менинг изимдан юринглар», деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди.
Масиҳ ҳақорат қилинганда ҳеч кимга ҳақорат билан жавоб қайтармас эди, азоб чекканда эса ҳеч кимга таҳдид қилмас эди. Фақат одилона ҳукмловчи Худога Ўзини топширар эди. Биз гуноҳ қаршисида ўлиб, энди солиҳлик билан яшашимиз учун, У хочда гуноҳларимизни Ўз баданига сингдирди. Унинг яраларидан сиз шифо топдингизлар.
Ҳа азизлар, биз энди гуноҳ қаршисида ўлдик. Келинг, Раббимиз Масиҳдан ибрат олиб ҳаёт кечиришимиз учун ибодат қиламиз. Худойим, менинг тирик ва севучи Худойим, берган нажотинг нақадар ажойибдир. Ушбу нажотинг Сенинг муҳаббатингдан далолатдир. Худойим, бизга ҳам Масиҳдан ибрат олиб яшашга ўргат. Бизга юмшоқ ва хушфеъл хўжайинларгагина эмас, балки феъли-хўйи терс бўлганлларига ҳам камоли эҳтиром билан итоат қилишни ўргат. Бизнинг чеккан азобларимиз Худонинг иноятидан далолат берсин. Бизга Масиҳ изидан юришга ёрдам бер. Масиҳ ҳақорат қилинганда ҳақорат билан жавоб қайтармаган эди. Азоб чекканда эса ҳеч кимга таҳдид қилмаган эди. Худойим, бизга ҳам шундай ҳаётга эга бўлишга ёрдам бер. Биз ҳам фақат Сен одилона ҳукмловчи Худога ўзимизни топширайлик. Аҳир, биз гуноҳ қаршисида ўлиб, энди солиҳлик билан яшашимиз учун, Масиҳ ҳочда гуноҳларимизни Ўз баданига сингдирди.
Унинг яраларидан биз фарзандларинг шифо топдик. Худойим, буларни ҳаммасини Сендан сўрай оламиз, чунки биз энди Муқаддас Руҳинга эгамиз, чунки биз хаётимизни Масиҳнинг қўлига топширдик. Энди ҳаётимиз бизга эмас, аксинча Сен Таолога тегишли. Ҳаётимизни Ўзинг истаганингдек ўзгартиргин. Масиҳдан ибрат олишга Ўзинг кўмакдош бўлгин. Сенинг Муқаддас Исминг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бирга ибодат қилиш нақадар ажойибдир. Бирга қилинган ибодат таъсирлидир. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда ҳабар қилинг, биз сиз учун ибодат қиламиз. Барча ибодат эҳтиёжларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига кириб ҳабар қолдиринг. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Ҳайир азизлар, Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.