3:22

У бизни қутқаради, лекин…

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳаёт жуда мураккаб нарса. Айниқса биз имонлилар, ўз истаганимизча ҳаёт кечира олмаймиз. Биз нимаики қилмайлик, албатта Худонинг хоҳишига қараб, унга маъқул келиши ёки келмаслигини хисобга олишимиз керак. баъзида шундай ҳолатлар бўладики, қандай йўл тутишни билмай қоласан. Баъзида эса ҳаётингда нега бундай нарсалар содир бўлгаётганига тушунмайсан. Ҳаётда бўладиган бундай ҳолатлар бизни чалкаштириб қўяди. Қандай фикр қилишни ҳам билмай қоласан. Қийналганларимизда Худога ибодат қиламиз, аммо У қандай жавоб беришини билмаймиз. Ибодат бизга берилган иноят. Биз у орқали Худо хузурига кира оламиз. Қачон хоҳласак, қаерда хоҳласак, Унга ибодат қилишимиз мумкин. Ибодат ҳақида Муқаддас Каломда жуда кўп ёзилган: «Тинмай ибодат қилинглар, ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукр қилинглар» (1Салоникаликлар 5:17-18). «Бунинг устига Илоҳий Руҳ бизнинг заифлигимизга мадад бериб туради. Чунки биз қандай ибодат қилмоқ кераклигини билмаймиз.» (Рим 8:26) «Тоат ибодатга астойдил берилинглар, ибодат қилишда ҳушёр бўлиб, шукрона қилинглар» (Кол 4:2).

Муқаддас Калом ибодат қилишимиз кераклиги ҳақида, кўп марта эслатади. Биз ибодат билан Худо ҳузурига кирамиз ва У бизга жавоб беради. Бу ҳақиқатни биламиз, бироқ Худо биз сўраган ҳамма нарсани ҳам беравермаслигини ҳам биламиз. Баъзида Худодан ўз хоҳишимизга кўра, нарса сўраймиз. Масалан, уйимизга янги мебел олиш ёки бўлмаса, меҳмонлар учун алоҳида идиш-товоқлар олишни сўраймиз. Руҳий масалалар олдида булар ҳеч нарса эмас. Биласизми баъзида бу нарсалар дунёвий бўлса ҳам, Худо уларга «Ҳа», деб жавоб бериши мумкин. Аммо баъзида шундай ҳолатлар бўладики. Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак ҳам, жавоб ололмаймиз. Ибодатимизга ҳеч қандай жавоб олмаймиз. Худо «ҳа» деб ҳам ёки «йўқ» деб ҳам жавоб бермайди. Калом Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, Худо бизга қулоқ солади ва ибодатларимизга жавоб беради, дейди. Аммо, нега баъзида Худонинг иродасига кўра сўраган нарсаларимизга жавоб бермайди? Бу жуда чалкаш ҳолат. Бу нарса бизни тушкунликка тушириб қўяди ва Худо ҳақида нима деб ўйлашни билмай қоламиз. Шундай пайтларда кўпгина аёллар имонда заифлашиб қолади. Бу каби ҳолат менинг ҳаётимда ҳам бўлган, биласизми мен ҳалигача сўраётган нарсамга жавоб олганим йўқ. Аммо ибодат қилишдан чарчамайман. Ëқуб билан Худонинг курашуви ёдингиздами? Ўшанда Ëқуб Худони қўйиб юбормаган эди. Каломда шундай ёзилган: «У Зот: — Мени қўйиб юбор, мана тонг отди, — деди. Лекин Ëқуб Уга: — Мени дуо қилмагунингча, Сени қўйиб юбормайман! – деди. Ўша Зот… Ëқубни дуо қилди»(Ибт 32:27-28). Мен ҳам Ëқубга ўхшаб, то Худо ибодатимга жавоб бермагунча сўрашдан тўхтамайман. Сиз ҳам ибодат қилишдан тўхтаманг. Биласизми, баъзида Худо бизнинг ибодатимизга жавоб бергунича, вақт ўтади. Бу вақт давомида Худо бизни ҳам, ибодат қилаётган одамимизни ҳам ўша жавобга тайёрлайди. Худди Ëқубни Эсов билан учрашувга, Ëки Эсовни Ëқуб билан учрашувга тайёрлаганидай. Асло тушкунликка тушманг. Худо албатта жавоб беради. Бироқ, жавоб бермаса-чи? Унда нима бўлади? Бу ҳақида кейинги суҳбатимизда гаплашамиз. Дарвоқе, агар имон, ибодат ва инсонлар ҳаётида бўлаётган гувоҳликлар ҳақида билмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга кириб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top