Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, Руҳ инъомлари ҳақида биласизми? Агар сиз ҳам Раббимизга ҳаётингизни топширган бўлсангиз, унда сиз ҳам Руҳ инъомига эгасиз. Келинг, Худонинг Каломи, Руҳ инъомлари ҳақида нима дейишин кўриб чиқсак. Ҳаворийнинг Коринфликларга йўллаган биринчи мактубининг ўн иккинчи бобида қуйидаги оятлар битилган. Эй биродарлар, Муқаддас Руҳнинг инъомлари ҳақида бехабар қолишингизни истамайман. Эсингиздами, сизлар бутпараст бўлган вақтингизда гунг бутларга сажда қилар ва жуда маҳлиё бўлар эдингизлар. Шунинг учун сизларга шуни билдиряпманки, Худонинг Руҳидан илҳом олаётган ҳеч ким Исога лаънат айтмайди, шунингдек, ҳеч ким Муқаддас Руҳ илҳомисиз Исони Раббим деб айта олмайди.
Руҳий инъомлар ҳар хилдир, Руҳ эса биттадир. Хизматлар ҳар хилдир, Раббимиз эса биттадир. Руҳий таъсирлар ҳар хилдир, лекин ҳаммада ҳар қандай таъсирни вужудга келтирган ягона Худодир. Муқаддас Руҳ умумий манфаат учун ҳар кимда алоҳида фаолият кўрсатади. Биров Руҳ илҳоми билан ҳикматли каломни айтади, бошқасига ўша Руҳ билимли гапиришни ато этади. Ўша Руҳ бировга имон кучи, бошқасига эса шифокорлик инъомларини бахш этади. Бировга мўъжизакорлик кучлари, бошқасига башоратгўйлик, яна бошқасига руҳларнинг фарқига бориш қобилияти насиб этади. Бирига турли тилларда гапириш, бошқасига бу тилларни таъбир қилиш илҳоми келади. Буларнинг ҳаммаси эса ўша битта Руҳ таъсирида содир бўлади, Руҳ Ўзи хоҳлагани бўйича, бу қобилиятларни ҳар кимга алоҳида тақсимлайди.
Азизлар, аҳамият берган бўлсангиз, бугунги ибодатни айнан Руҳий инъомларимиз учун бағишламоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Чунки, бирга айтилган ибодат таъсирчандир. Осмондаги Отажон, биз энди Масиҳга эгамиз. Биз энди Муқаддас Руҳингга тўлиб, фарзандинг бўлдик. Худойим, ҳар бир фарзандинга ўзига яраша инъом бергансан. Лекин кўпчилигимиз, ҳали ҳам, қандай инъомга эга эканимизни билмаймиз. Отажон, бизга инъомларимизни кўрсат. Берган инъомларинг ёрдамида нажот ҳушхабарингни одамларга етказайлик. Худойим, Сенинг Руҳинг умумий манфаат учун ҳар кимда алоҳида фаолият кўрсатади. Биров Руҳ илҳоми билан ҳикматли каломни айтади, бошқасига эса шифокорлик инъомларини бахш этади. Бировга мўжизакорлик кучларини беради, бошқасига башоратгўйлик, яна бошқасига руҳларнинг фарқига бориш қобилиятини насиб этади. Худойим, бизнинг инъомларимизни кўрсат. Бизни Руҳинг билан тўлдир.
Биз орқали амал қилиши учун Руҳинга йўл очиб берайлик. Худойим, Руҳинг бизга имон кучини берсин. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, Руҳинг биз орқали инъомларимизни ишга солган ҳолда амал қилсин. Худойим, Руҳинг учун юрагимизни бўшатиб берайлик. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам, ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг,ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг керакли бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Ундан ташқари сайтимиздаги ҳикоялар тўплами ҳам сизнинг ҳизматингизда. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин. Ҳайир, омон бўлинг азизлар.