3:38

Миннатдорчилик

MP3

Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Исо Масихга ҳаётини топшириб унга эргашганларнинг барчаси Униг шогирдларидир. Улар юрак йўлида Исо Масихнинг йўлини излаб, Уни дойим кўпроқ билишга, кундан кунга билимини оширишга харакат қилиб яшашади. Сизга хавола этмоқчи бўлган Калом дарси асосан Исо Масихга эргашиб, Унга хаётини бағишлаган, ва Худо хақиқатини излашга жон куйдирадиганларга бағишлангандир. Сўнгра Нуҳ Худованд шаънига қурбонгоҳ қурди. Ҳар бир ҳалол чорвадан, ҳар бир ҳалол паррандадан олиб, қурбонгоҳ устида сўйиб куйдирди. Худованд қурбонлик тутунининг хуш ҳидини искаб, Ўз кўнглида деди: «Мен ерни одамзод туфайли бошқа лаънатламайман. Зероки одамзод кўнглидаги фикр-хаёл ёшлигиданоқ бузуқдир. Мен аввал қилганимдек, энди бошқа ҳамма жониворларни уриб нобуд қилмайман. Бундан кейин ер бор экан, экин-тикин, ўрим-йиғим, совуқ билан иссиқ, ёз билан қиш, кун билан тун тугамайди». Яна Худо Нуҳ билан ўғилларига деди: «Мен сизлар билан ва сизлардан кейинги насллар билан аҳд-паймон қиламан. Шунингдек, сизлар билан бўлган парранда, чорва, ҳар бир тирик жон билан, яъни кемадан чиқиб, орангизда яшаётган ернинг ҳамма ҳайвонлари билан аҳд-паймон қиламан. Сизлар билан қилаётган аҳдим ана шу мазмунда: энди ҳеч қачон тўфон сувлари билан бутун махлуқот қирилмайди, энди ҳеч қачон ерни хароб қилувчи тўфон юз бермайди».

Худо тағин деди: «Менинг сизлар билан ҳамда сизлардаги ҳар бир тирик жон билан қилаётган, наслдан-наслга абадий ўтадиган аҳдимнинг аломати шу: Ўзим билан ер орасидаги аҳдимнинг аломати сифатида Мен булутларда ёйимни пайдо қиламан. Бундан буён ер юзига булут тортганимда, булутларда Менинг ёйим намоён бўлади.

Сизлар билан ва барча махлуқлар билан, ҳар бир тирик жон билан қилган аҳдимни Мен эслаб туриб, бутун махлуқотни йўқ қиладиган тўфон тошқинига ортиқ йўл бермайман. Мен булутларда ёй пайдо бўлганини кўрганим сайин, Ўзим ила ердаги бутун махлуқот – ҳар бир тирик жон орасидаги абадий аҳдни хотирда тутаман».

Худо яна бир бор Нуҳга: «Менинг ердаги ҳар бир махлуқ билан қилган аҳдимнинг аломати ана шу бўлади», – деди. Энди саволлар. Нима учун Нуҳ пайғамбар кемадан чиқиб Худога қурбонлик келтирди? Қандай қилиб Худо ғазаби пайтида раҳмдилликни кўрсатди? Булутлардаги ёй, яъни камалак нимадан дарак беради? Қуйида келтирилган оятда, Исо Масиҳнинг башоратига назар ташлаб, қиёмат қойим куни ҳақидаги сўзлар устидан фикр юритинг. Матто ҳушҳабарининг 24чи бобида,

Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келишида ҳам шундай бўлади. Тўфонгача бўлган кунларда, то Нуҳ пайғамбар кемага кирган кунигача еб-ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Улар бўлғуси офатдан бехабар юрганда, тўфон келиб, ҳаммасини қириб ташлади. Инсон Ўғлининг келиши ҳам худди шундай бўлади. Ўшанда икки киши далада бўлади; бири олинади, бири қолдирилади. Тегирмон тортаётган икки аёл бўлади; бири олинади, бири қолдирилади. Шунинг учун ҳушёр бўлиб туринглар, чунки Раббингиз қайси соатда келишини билмайсизлар. Лекин шуни билиб қўйингларки, ўғри туннинг қай вақтида келишини агар уй эгаси билганида, бедор туриб, уйига лаҳим қазилишига йўл қўймас эди. Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр бўлиб туринглар. Чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келиб қолади», деб ёзилган. Жавобларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг. Тирик Раббимиз инояти ва севгиси барчангизга ёр бўлсин. Ҳайир, омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top