3:15

Жамиятдаги хатти-харакатларимиз

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, Яратувчимиз билан бирга бўлиб, Унга ибодат қилиш нақадар ажоиблигини биласизми? Чиндан ҳам, ҳазрати Исо Масиҳ бизни Худо билан яраштирди. Энди истаганимизда У билан сухбатлашиш, маслаҳат сўраш ёки дардлашиш имкониятига эгамиз. Биз, ҳаётини Масиҳга топширганлар шундаймиз. Чунки биз Худо билан ярашиб олганмиз. Азизлар, бизнинг жамиятдаги хатти харакатларимиз қандай бўлиши кераклигини биласизми? Келинг, буни билиш учун Худонинг Каломига назар ташласак. 1Бутрус 2чи бобда қуидаги оятлар битилган:

Эй севганларим, сизлардан ўтиниб сўрайман, жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сақланинглар. Чунки сиз бу дунёда ғарибу мусофирсизлар. Мажусийлар орасида хатти-ҳаракатингиз бенуқсон бўлсин.

Улар эзгу ишларингизни кўриб туриб, сизларни ёмонликда айблаб ғийбат қилсалар ҳам, маҳшар куни Худо олдида жавоб берадилар. Раббингиз ҳақи ҳар хил инсоний тартиб-интизомга бўйсунинглар; хоҳ олий ҳоким бўлган подшоҳга,  хоҳ подшоҳ ўрнида ёмонлик қилганларни жазоловчи ва яхшилик қилганларни тақдирловчи ҳокимга бўйсунинглар. Чунки Худонинг иродаси шуки, яхшилик қилиш билан ақлсиз ва жоҳил одамларнинг оғзига урасизлар. Озод одамлардек яшанглар, аммо озодлик ниқоби остида ёмонлик қилманглар. Худонинг қулларидай бўлиб юринглар. Ҳамма одамларни ҳурмат қилинглар. Имонли биродарларингизни севинглар. Худодан қўрқинглар. Подшоҳни эҳтиром қилинглар. Ажоиб оятлар. Азизлар, тушунган бўлсангиз, бугунги ибодатни айнан шу мавзуга, яъни, жамиятдаги хатти харакатларимизга бағишлашни мақсад қилдим. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз сира ҳижолат бўлманг, чунки Раббимизнинг илк шогирдлари ҳам бошида қандай ибодат қилишни билишмаган.

Истасангиз кетимдан қайтаринг. Севикли Парвардигорим, муқаддас исмингни улуғлаймиз. Бизга нажот берганинг учун миннатдормиз. Биз энди бошқа инсонга айландик. Биз энди шайтон ҳокимиятига эмас, аксинча, Сенинг ажоиб шоҳлигинга тегишлимиз. Сен бизни қиммат баҳога сотиб олдинг. Худоим, шундай экан, бизнинг жамиятдаги хатти харакатларимизни ҳам ўзгартиргин. Қаерда бўлмайлик, Сенинг қулларинг каби яшайлик. Раббимиз ҳақи ҳар хил инсоний тартиб интизомга бўйсунишни ўргат. Хоҳ олий ҳоким бўлган подшоҳга, хоҳ подшоҳ ўрнида ёмонлик қилганларни жазоловчи ва яхшилик қилганларни тақдирловчи ҳокимга бўйсунишни бизга ўргат. Худоим, Сен бизни гуноҳ азобидан озод қилдинг, энди бизга озод ҳаёт кечиришни ўргат. Лекин озодлик ниқоби остида ёмонлик қилишдан Ўзинг асрагин.

Худоим, ҳаммани хурмат қилишни ўргат. Имонли биродарларимизни севишни истаймиз. Худоим, барча ишларимизда, барча ҳаракатларимизда, барча гапларимизда фақат Сенинг ироданг бўлсин. Одамлар орасида Сенинг гувоҳларинг бўлиб, Сенинг исмингни улуғлайлик. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top