Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, бугунги ибодатни масиҳийнинг ҳаётидаги жуда муҳим ва қизиқарли мавзуга бағишлашни мақсад қилдим. У ҳам бўлса, ҳақиқат йўлида азоб чекиш. Бу ҳақда Худонинг тирик Каломи нима дейишини кўриб чиқсак. 1Бутрус 3чи бобдаги оятларни тилга олсам. Агар Худонинг иродаси билан азоб чекишингиз лозим бўлса, ёмонлик қилиб азоб чекишдан кўра, яхшилик қилиб азоб чекиш афзалдир. Чунки Масиҳ ҳам бизни Худога яқинлаштириш ва гуноҳларимизни ювиш учун бир марта азоб чекиб, ўлди. Ўзи солиҳ киши бўлгани ҳолда, гуноҳкорлар учун қурбон бўлди. Унинг баданини ўлдиришган бўлса-да, Руҳи тирилди. Масиҳнинг Руҳи эса бориб, зиндонга қамалган руҳларга ваъз айтди.
Булар қадим замонда, Нуҳ пайғамбар ўз кемасини қураётган замонда Худонинг сабрини инобатга олмай, итоатсиз бўлган эдилар. Ўша кемадан оз киши, яъни саккиз жонгина сувдан ўтиб қутулган эдилар. Мана шу сув – ҳозирги сувда имон келтириш маросимининг тимсолидир. Бу маросимнинг маъноси баданни кирдан тозалаш эмас, балки Худодан пок виждонни сўрашдир. Сизлар ҳам сувга чўмиб имон келтирганингизда, Исо Масиҳнинг тирилиши туфайли нажот топдингизлар. Масиҳ эса осмонга чиқиб, Худонинг ўнг томонида ўтириб, фаришталар ва коинотдаги барча куч-қудратлар устидан ҳокимият ўрнатди. Азизлар, хозир мен қўлларимни ибодат учун очаман. Истасангиз мен билан бирган ибодат қилинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз сира хижолат бўлманг, чунки Раббимизнинг илк шогирдлари ҳам бошида қандай ибодат қилишни билишмаган.
Ундай бўлса, бемалол кетимдан қайтаринг. Азиз Отажон, берган нажотинг ажойибдир. Қанийди, бутун олам ушбу нажот Сенга қанчалар қимматга тушганин билса эди. Худойим, Сен бизни Масиҳ орқали, Унинг Ўлими ва тирилиши орқали бизга Ўз севгингни намойиш этдинг. Худойим, биз энди гуноҳ шоҳи шайтонга эмас, аксинча бутунлай Сен Муқаддасга тегишлимиз. Сенинг иноятинг билан ҳаёт кечирмоқдамиз. Энди ҳаммаси бошқа. Биз энди янги ижодмиз. Худойим, энди биз ҳаётимизни Масиҳинга топширдик, чунки У бизни Сен билан яраштирди. Худойим, биз Сенга дўст бўлдик, лекин дунё бизга душмандек қарашни бошлади. Шу йўсин дунё бизни ҳақиқат йўлида азоб чекишга мажбурлаяпти. Худойим, биз азоб чекишимиз муқаррар, чунки, Раббимизнинг Ўзи ҳам азоб чекди. Нафақат азоб чекди, балки, биз гуноҳкорлар учун жонини фидо қилди.
Худойим, биз нима қилмайлик, қандай вазиятга тушмайлик, Сенинг севгинг биз билан эканини ёдимиздан чиқармайлик. Қандай азобларга дуч келмайлик, Раббимиз хочда биз учун қилган ишини заррача ҳам ёдимиздан чиқармайлик. Унинг ўлими ва чеккан азоблари туфайли биз шифо топганимиз ҳисси юрагимизда муҳрлансин. Худойим, хушхабарингни одамларга айтганда, одамларга Сенинг буюк нажотинг ҳақида сўзлаганда ҳеч нарса бизга қаршилик қилмасин. Ҳеч бир ёвуз куч бизни тўҳтата олмасин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.