3:19

Инсоний мағрурлик

MP3

Ассалому алайкум. Мақтанчоқлик, мағрурланиш яхши одатлар эмас. Шундай деймиз-у, баъзида мақтаниб қўйганимизни ёки бўлмаса мағрурланиб кетаётганимизни ўзимиз сезмай қоламиз. Шайтон жуда аёрлик билан ишлайди. Аввалига у ўзимиз ҳақимизда яхши фикрлар беради. Кейин сиз эришаётган ютуқларни бошқаларнинг ишлари билан таққослаб кўришни маслаҳат беради. Таққослайсиз, сизники тош босади. Кейин қобилиятларингиз, эришган нарсаларингиз, топаётган пулингиз хуллас бошқалардан устун нимангиз бўлса ҳаммасини ўз мақсади йўлида ишлатади. Аслида буларнинг бари яхши нарсалар. Аввалги суҳбатларимиздан бирида айтганимиздек, Худованд ҳар биримизга яраша қобилият берган.

Мана шу қобилиятларни қўлимиздан келганча Худонинг йўлида ишлатишимиз шарт. Қобилиятларимиз, қўлимиздан келадиган ишлар, билимимиз ҳамма-ҳаммаси Худонинг бизга берган марҳамати ва баракасидир. Аммо, шайтон буларни нотўғри йўлда ишлатмоқчи бўлади. У инсон психологиясини жуда яхши билади. Шунга кўра инсонни ўзини ўзига мақтаб, аста секин мағрурлик уруғларини сепа бошлайди. Ҳар доим ўзини паст олиш керак, деб ўйлаб юрган ва шунга кўпроқ эътибор қаратадиган имонлини ҳам йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Калом Худони «Маърурларга қарши, аммо камтарларга иноятлидир», дейди. Лука 14 боб 11 оятда шундай ёзилган: «Кимки ўзини юқори олса, пасайтирилади. Кимки ўзини паст олса, юксалтирилади.»

Мағрурлик ҳақида гапирар эканмиз, кўпчилик инсоний ютуқларимиздан ҳам мағрурлана олмаймизми?, — деган ўйга бориши мумкин. Бугунги кун жуда тараққий этган, илм-фан ривожланиши деярли чўққига чиқиб олган. Олимлар жуда кўп ихтироларни, янгиликларни очишмоқда. Бунга қойил қолмай илож йўқ. Кўпчилик инсон миясининг фақат 5 фоизигина ишлайди, агар қолган 95 фоизи ҳам ишласа борми, қанчалик оламшумул ихтиролар қилинган, ер юзида жумбоқлар қолмаган бўларди, дейишади. Биринчидан, қолган 95 фоизи ишлаши шарт эмас. Ишлаган тақдирда, ҳам Худонинг донолиги олдида тариқчалик ҳам бўлолмасди. Иккинчида эса бу мағрурлик кишини ҳалокатга бошлайди.

Кимдир: «Мағрурлик ҳалокатнинг бошланиши», — деган экан. Мағрурлик ортидан албатта бирор бир ёқимсиз ҳодиса келиши муқаррар. Агар ўзимизни паст олишни билмасак, Худо баъзи бир ҳолатлар билан бизни бир поғона пастга тушириб, камтар бўлиш кераклигини эслатиб қўяди.

Албатта мағрурликни фаҳрланиш туйғуси билан адаштириб юбормаслик керак. Қилган ишидан, фарзандидан, эришган ютуқларидан фаҳрланиш мумин, аммо фаҳр ҳам чегарадан чиқмаслиги лозим. Фаҳр чегарадан чиқса-мағрурликка айланади. Ҳаммамиз илм-фан тараққиётини қўллаб қувватлаймиз, аммо Худо берган миямизни ишлата туриб, бу мияни яратган ва берган Зотни унутмаслигимиз ва Унга ўзимизни тенглаштириш даражасига етмаслигимиз керак. Азизлар ҳаётда учрайдиган турли мавзуларда суҳбатлашишни, фикрларингиз билан бўлишишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга кириб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top