3:12

Худо иродасини адо этиш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, бугунги ибодатимни Худо иродасини адо этиш мавзусига бағишлашни мақсад қилдим. Менга шуни айтингчи, Худонинг иродасини адо этиш нима дегани? Худонинг иродаси нимадан иборат экан? Ушбу саволга жавобни фақат Худонинг Муқаддас Каломи бера олади. Филиппиликларга 2чи бобда Худо ҳаворий Павлус орқали қуйидаги оятларни муҳрлаган. Эй севганларим, сиз доим менинг гапимга қулоқ солиб келдингизлар. Шундай қилиб, фақат олдингизда бўлганимдагина эмас, балки ҳозир менинг йўқлигимда яна кўпроқ қўрқув ва титроқ билан топган нажотингизни бут қилишга тиришинглар. Зотан Худонинг Ўзи сизларнинг вужудингизда амал қилади, У Ўз мурод-мақсадини адо этишингиз учун сизларда хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради. Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилинглар, токи бу ўжару бузилган насл орасида Худонинг пок, беғубор, бенуқсон болалари бўлинглар.

Сизлар бу дунё одамлари орасида осмондаги юлдузлар каби порлаб турибсизлар-ку. Ҳаёт каломини маҳкам тутинглар, токи менинг меҳнату заҳматим беҳудага кетмасин ва Масиҳ оламга қайтган кунда сизлар менинг фахрим бўлинглар.  Сизнинг имон йўлида қилган фидокорона хизматингиз Худо шарафига қурбондай гап. Мен Худога бу қурбонликни келтириб, ўз жонимни ҳам фидо қилишим мумкин. Шунга қарамасдан, севинаман ва сизларнинг шодлигингизга қўшиламан. Худди шу тўғрида сизлар ҳам севининглар ва менинг шодлигимга қўшилинглар. Азизлар, мен ҳозир қўлларимни ибодат учун очаман. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги Отажон, менинг Раббим, аввалам бор берган нажотинг учун Сенга шукур айтаман. Чунки айнан берган нажотинг туфайли мен ҳозир Сенга ибодат қиляпман.

Чунки айнан Масиҳ бизни Сен муқаддас билан яраштирди. Худойим, бизга кўпроқ қўрқув ва титроқ билан берган нажотингни бут қилиб яшашни ўргат. Сен Ўзинг вужудимизда амал қиласан. Сен Ўз муроқ мақсадингни адо этишимиз учун бизларда хоҳишни ҳам, харакатни ҳам туғдирасан. Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилишни бизга ўргат. Сенинг бенуқсон фарзандларинг бўлишни бизга ўргат. Ушбу дунё одамлари орасида осмондаги юлдузлар каби порлашимиз учун бизни Муқаддас Руҳинг билан тўлдиргин. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, қандай одамлар билан гаплашмайлик, қандай одамлар билан мулоқотда бўлмайлик, мақсадимиз фақат Сенинг ироданг бўлсин. Сен берган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиб Хушхабарингни айтишга, Сенинг севгинг ҳақида одамларга айтишга бизни ўргат.

Иродангни амалга оширишда бизни жасур ҳизматкорларинг каби бўлишимизга ёрдам бер. Ҳеч бир ёвуз куч, дунёнинг ёмон ниятлари Севгинг ва Нажотинг ҳақида гапиришимизга тўсқинлик қилмасин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top