Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Худонинг буюк режаси бутун дунёга тегишлидир, буни ҳар доим назарда тутишимиз керак. Худо бизга имконият яратиб бергач, биз Исо буюриб кетган амрга амал қилиб барча халқлардан шогирд орттиришимиз керак. Бу дегани биз ёқтирган халқларни танлаб олишимиз дегани эмас, балки барча халқлардан шогирд орттиришимиз демакдир, токи бирон бир халқ Худонинг Хушхабаридан бехабар қолмасин. Қўшимча қилиб айтмоқчи эдимки, Матто хушхабарининг 28чи бобидаги “бориб” сўзи асл матнда “бораётганларингда” деган маънода ишлатилган. Шогирд орттириш деганида кўпинча биз миссионер бўлиб саёҳатга чиқишни, ёки махсус бир гуруҳ одамга таълим беришни, ё алоҳида вақт ажратиб қилинадиган ишни назарда тутамиз. Исо Ўз шогирдларини Жалила юртида сайр қилиб юрганида танлаган эди.
У Ўзининг назарида яхши лидер бўлиб чиқадиган одамларни ёки мутахассисларни танламай, Отаси кўрсатган одамларни танлаган эди. Шунингдек биз ҳам кундалик юмушларимизни қилган вақтимизда, қаерда бўлганимиздан қатъий назар одамларга бўлган ўзимизнинг муносабатимиз билан шогирд орттириб, Худонинг Хушхабарини ёйишимиз керак. Чунки шундай деб ёзилган, Худонинг Хушхабарини ҳар доим эълон қилинг, керак бўлганида эса сўзлардан фойдаланинг. Бордию биз мураббийликни махсус тузилган гуруҳлар фаолияти билан ёки жамоат йиғилишлари билан чеклаштириб қўядиган бўлсак, биз Исонинг амрига бўйсунмаган бўламиз. Чунки биз ҳақиқий Масиҳийча ҳаётни намоён қилишимиз ва шу орқали энг яқин одамларимизнинг қалбига Худо Сўзининг уруғларини сепишимиз керак. Шогирд орттириш ҳақидаги Исонинг амрини бажаришга биз бутун ҳаётимизни бағишлашимиз керак, чунки бу ишни фақатгина махсус одамларнинг зиммасига юклаб ёки чеклаштириб бўлмайди. Акс ҳолда, Ўзбек жамоатининг аксарият қисми ҳам Исонинг шогирдлар орттириш ҳақидаги амрга бўйсунмайдиган бўлади.
Уй бекалари қандай қилиб шогирд орттиришлари мумкин? Улар асосан уйда ўтириб ҳеч қаерга чиқмайди–ку деган саволнинг туғилиши табиийдир. Агар шогирд орттириш фақатгина Худодан махсус ином олган мударрису, воизчиларга тегишли бир амр бўлса, бундай ҳолда оиласига қараб, уйдан чиқмай ўтирган уй бекалари ва кун бўйи давлат ишида ишлаганлар жамоатнинг дунёдаги фаолиятига ҳеч қандай ҳисса қўша олмаган бўлар эдилар. Тўғри, уй бекалари одамларни йиғиб дарс беришмайди ёки кўчаларга чиқиб Хушхабарни эълон қилишмайди, аммо шунинг учунгина уларнинг Буюк Топшириққа ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб айтиш хатодир. Бордию ҳамма масиҳийларнинг бундай хизматта иштирок этишлари шарт бўлганида эди, унда аёлларимиз ҳам уй ишларини ташлаб, овқат пиширадиган, болаларга қарайдиган, супур–сидир ишларини қиладиган бир хизматкор ёллашларига тўғри келган бўлар эди. Аммо ўзбек маданиятига бу умуман тўғри келмайдиган нарса, чунки бу ердаги аёллар одатда уйда ўтиришади, оиласини парвариш қилиб, эрларига хизмат қилишади. Шунинг учун ўзбек аёллари ўз болаларига мураббийлик қилиб, улар учун масиҳийча ҳаётнинг тирик намунаси сифатида хизмат қилишлари керак. Бундан ташқари ўзларининг меҳмондўстлиги ва хизмати билан эрларига ёрдам беришлари ва хушфеъллиги билан бошқа аёлларнинг олдида Масиҳнинг табиатини намоён қилишлари мумкин. Хайир азизлар. Хизматингиз серхосил бўлсин. www.najot.com сайтимизга ташриф буюришни унутманг.