Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Содиқ Шогирдлар деб номланган дастуримга хуш келибсиз. Азизлар, аёллар одатда уйда ўтиришади, оиласини парвариш қилиб, эрларига хизмат қилишади. Шунинг учун ўзбек аёллари ўз болаларига мураббийлик қилиб, улар учун масиҳийча ҳаётнинг тирик намунаси сифатида хизмат қилишлари керак. Бундан ташқари ўзларининг меҳмондўстлиги ва хизмати билан эрларига ёрдам беришлари ва хушфеъллиги билан бошқа аёлларнинг олдида Масиҳнинг табиатини намоён қилишлари мумкин. Бунинг учун улар формал бир ўқишни олиб боришлари шарт эмас. Бундай аёллар яна бир йўл билан мураббийлик қилишлари мумкин, улар бошқа аёллар билан кўпроқ мулоқот қилишлари керак, бунинг учун ҳар бир қулай вазиятдан фойдаланишлари керак бўлади.
Кўпинча эркаклар масиҳийча ҳаётнинг аниқ, реал ва маънавий томонларига аҳамият беришга мойилдир. Шунинг учун Муқаддас Китобни ўрганиш гуруҳлари, ибодат кечалари ва шунга ўхшаш тадбирлар уларга оддий ҳол деб туйилади. Бундай тадбирлар самарали бўлиши учун Муқаддас Китобни ўрганиш гуруҳларда шундай методикани йўлга қўйиш керакки, ўқувчилар ўзлари ўрганган нарсани бориб бошқаларга ўргатадиган бўлишсин, токи Исонинг Хушхабари бутун юртимиз бўйлаб тарқалсин. Акс ҳолда бунинг натижасида биз билимдон имонлиларга эга бўламизу, аммо қишлоқлардаги одамлар Худонинг илмию, ҳикматидан бебаҳра қолаверади. Биз мураббийликни Муқаддас Китобни ўрганиш гуруҳлари билан ёки яхши режалаштирилган мажлислар билан чеклаб қўймаслигимиз даркор.
Биродарлар билан дастурхон атрофида ўтириб уларнинг руҳий ҳаёти ҳақида гаплашиш, насиҳатлар бериш мураббийликнинг амалий йўлидир. Исо шогирдлари билан юриб, йўл–йўлакай уларга насиҳатлар берар, уларни ўргатар эди, биз ҳам Исога ўхшаб бозорга кетаётганимизда ёки ҳар кунги ишларимизни бажараётганимизда янги имонга келган биродарларимизга мураббийлик қилишимиз, ўргатишимиз, насиҳат беришимиз мумкин. Бундан ташқари эркаклар иш жойларида ўзларининг ҳамкорларига гувоҳлик беришлари мумкин. Мураббийлик қилиш учун тушлик пайтидан ҳам унумли фойдаланса бўлади. Тўғри, Муқаддас Китобни ўрганиш дарсларидан биз бир хафтага етарлича руҳий озиқа оламиз, аммо биз шу билан кифояланиб қолмаслигимиз керак. Яна бир нарсани тушуниб олишимиз керак–ки, мураббийлик қилиш методи ҳамма одамлар учун бир хил бўлавермайди.
“Шогирд орттиришнинг маъноси нима? Биз нима учун ва қандай қилиб шогирд орттиришимиз керак?” деган саволларга жавоб берар эканмиз, Исо ўз шогирдлари билан нима қилганини яхшилаб кўриб чиқишимиз керак бўлади, Исо Отани зоҳир қилди, Худонинг каломини топширди, шогирдлари учун ибодат қилди, улар билан бирга бўлиб, уларни асраб юрди. Биз ҳам шогирдлар орттириб, мураббийлик қилганимизда уларга Муқаддас Калом орқали Худони зоҳир қилишимиз лозим. Ўз ҳаётимиздан гувоҳликлар бериш жуда фойдали бўлиши мумкин, лекин бизнинг асосимиз ҳар доим Худонинг Каломи бўлиши керак. Азизлар, афсус менга ажратилган вақт ҳам ўз нихоясига етди. Хикоянинг электрон шаклини www.najot.com сайтидан кўчириб олсангиз бўлади. Фикрларингизни эса dilkash@najot.com манзилига йўлланг. Хайир, омон бўлинг. Хизматингиз серхосил бўлсин.