3:22

Шогирдларга худди гўдакларгадек ёрдам бериш керак

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Содиқ шогирдлар деб номланган дастурга хуш келибсиз. Имондаги гўдакларни парвариш қилиш жуда нозик иш, бу оддий программалар мажмуидан иборат бўлган нарса эмас. Қадимда бир ҳикматли одам шундай деб айтган экан: “Биз фақатгина бизни қадрлаган одамларнинг билимини эътиборга сазовор деб биламиз.” Фақатгина дарс ўтиб, шогирдларни имонда улғайтириб бўлмайди. Уларга далда бериб туриш керак, қийналганларида юпатиш керак, Исога итоатли бўлишни ўргатиш керак. Маданиятимиздаги одамлар орасидаги ҳақиқий муносабат ҳаётнинг ҳар бир жабҳасини ўз ичига қамраб олади, бу ерда муносабатни фақатгина режалаштирилган тадбирлар асосида қуриб бўлмайди. Шунинг учун режалаштирилган тадбирларга кўр–кўрона амал қилгандан кўра, шогирдлар билан кўпроқ вақт ўтказиш мураббийлик учун муҳимроқдир.

Ҳеч бир ота–она қулоқсиз боласини ташлаб қўймайди ёки ундан воз кечмайди. Бола катта бўлиб ўзини эплай олган тақдирда ҳам ота–она боласига ғамҳўрлик қилиб, ёрдам бериб туради. Шунингдек шогирдлар ҳам уч йил мобайнида ўқиб, ўқиган нарсаларини тўлиқ тушуниб, англаб олишмаса биз уларга мураббийлик қилишни давом этишимиз лозим. Павлус узоқ вақт давомида Коринфдаги масиҳийларга мураббийлик қилган. Павлус Коринфликларга биринчи мактубида шундай деб ёзади: “Мен сизларга Муқаддас Руҳга тобе кишиларга гапиргандек гапира олмадим, Масиҳ йўлида чақалоқ қолганлар билан сўзлашгандек сўзлашдим. Сизларни…сут билан боқдим.” Павлус уларга фақатгина Худо Каломининг асосларини ўргатган. Ўша вақтда коринфликлар Худо Каломининг чуқур маъносини тушунишга ожиз эдилар, шунинг учун Павлус сабр–тоқат ила уларга фақатгина ҳазм қила оладиган руҳий озиқани берар эди. Ҳеч қайси она сутдан бошқа нарсани еб ўрганмаган чақалоғини кўкракдан чиқармайди.

Болани кўкракдан чиқариш учун бола бошқа овқатларни еб, ҳазм қила оладиган бўлиши керак. Мураббийлик қилиш руҳий чақалоқни боқиб катта қилиш демакдир. Биз шогирдларимизни чақалоқни боққандай боқиб, руҳий вояга етказишимиз керак. Шундай экан мураббийлик — бу одамлар орасидаги муносабат эканлигига яна бир бор гувоҳ бўламиз. Ҳар бир имонли киши бошқа масиҳийларга мураббийлик қила олади, бунинг учун махсус мураббийлик курсларни битириш ёки руҳоний бўлиш шарт эмас. Мураббий янги имондаги масиҳийлар билан кўпроқ вақт ўтқазиб, улар учун намуна бўлиши керак. Ўзбекларга мураббийлик қилишда катта самарага эришиш учун, ҳар бир ўзбек масиҳий билан алоҳида иш олиб бориш керак деб ўйлайман. Бу иш фақатгина жамоатдаги бир–иккита одамнинг зиммасига юкласа бўладиган иш эмас, бу ишда ҳаммамиз иштирок этишимиз керак. Бундан ташқари, “жамоатимизда фақатгина полончи биродаримиз бу ишнинг уддасидан чиқа олади, у яхши имонли, зўр воизчи”, деб ҳамма ишни ўша одамга ташлаб қўйиш ярамайди.

Юқорида айтганимиздай, Худонинг режасига биноан бутун оламга Хушхабарни ёйишда бутун жамоат, яъни ҳамма масиҳийлар иштирок этишлари шарт. Шундай экан, янги масиҳийларни имонда ўстириш, мураббийлик қилиш айрим одамларнинггина шахсий интилиши бўлиб қолмаслиги керак, бутун жамоат бу ишга бел боғлаши керак. Азизлар, www.najot.com сайтидан қуйидаги хикоянинг электрон шаклини кўчириб олишингиз мумкин. Хайир азизлар. Раббимизга бўлган хизматингиз серхосил бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top