3:17

Масиҳ охиргача биз билан биргадир

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Содиқ шогирдлар деб номланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, Павлус Колосалик биродарлари учун ибодат қилганида, Колосадаги жамоат ўсиб, самарали бўлишини хоҳлаган эди. Биринчи бобнинг 9чи 12чи оятларда, ушбу жамоат учун Павлус Худодан илоҳий ҳикмат ва фаҳм-идрокни тилаб сўрайди. Сўнг сўзида давом этиб: “Раббингизга муносиб яшаб, Уни ҳар жиҳатдан мамнун қилинглар… Чунки У Ўз азизларига ваъда қилган нурли меросдан бизни баҳраманд қилди.” деб айтади. Мураббиликнинг моҳиятини англаб етмай, аъзоларнинг руҳий ўсишига эътибор бермаган жамоат, аста–секин ўз кучини йўқотиб бориб, охири нобут бўлади. Бундай жамоат Худонинг Шоҳлиги учун самарасиз ва бефойда бўлади.

Албатта, янги имонга келган одамга ғамҳўрлик қилиш, руҳий вояга етказишнинг мақсади бу бор–йўғи ўша одамни солиҳ ёки Худонинг кўзи олдида бенуқсон қилиш дегани эмас. Буни юқорида ҳам айтиб ўтган эдик. Биз олиб борган ишимиз натижасида янги имонга келган биродаримиз Масиҳ жамоатидаги имонлилар орасида ва дунёда олиб борилаётган ишларда фаол қатнашиши керак, бу мураббийлик мақсадга мувофиқ келади. Эгамизга мақбул бўлмаган киши (“2–Тимўтий” 2–бобни кўринг) ҳеч қачон руҳий самарага эришадиган шогирдларни тарбия қила олмайди. Бордию, Худонинг Шоҳлиги юртимизда ўрнатилишига бизнинг кўзимиз етмаса, унда биз масиҳий ҳаётдан воз кечиб, ўзимизнинг шахсий солиҳлигимиз ва тақводорлигимиз ҳақига ғам чекишимизга тўғри келади. Ўрта асрларда роҳиблар Эгамиз олдида солиҳ бўлиб юриш учун тарки дунё қилиб, монастирларда яшар эдилар. Бундай одамлар ўзларини шайтон васвасаси ва гуноҳдан сақламоқчи бўлиб, Масиҳ учун дунёни ларзага келтирмаган эдилар.

Худо эса ўша одамлар орқали қандай буюк ишлар қилиши ва улуғланиши мумкин эди–ку. Шунингдек, агар биз ўзимизнинг “сокин вақт”ларимизни — Эгамизга ҳамроҳ бўлиб атрофимиздаги одамларнинг ҳаётларини ўзгартиришдан устун қўйсак, ундай ҳолда ўзбек жамоасининг негизига эътиборсизлик билан қараган бўламиз. Биз ўзбекларнинг бутун жамоатини эътиборга олиб, ўзимиз ҳам бир жамоат сингари якдилликда иш олиб боришимиз, янги имонлиларга мураббийлик қилишимиз ва орамиздаги гумроҳларга Масиҳнинг Хушхабарини эълон қилишимиз даркор. Худони севган, Унга ҳамроҳ бўлган кишининг нури инсонлар олдида порлайди, уни идиш тагига яшириб қўйишмайди. Биз Эгамизга ҳамроҳ бўлганимизда, Исо шогирдларига айтган охирги сўзларини эслашимиз мумкин (“Матто”да 28–боб).

У шундай деган эди: “Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”. Ичимизда яшаётган Муқаддас Руҳ бизни ҳеч қачон ташлаб кетмайди, асло тарк этмайди (“Ибронийларга” 13–боб, 5–оят). Исога осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир, шунинг учун Унинг қудрати ҳар доим биз биландир. Биз шогирдларимизга мураббийлик қилиб, уларни Худо йўлига солганимизда, Масиҳга итоаткор бўлишни ўргатганимизда, Исо ҳар доим бизга ёрдам бериб туради, бизни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Азизлар, шогирд ортириш кўп куч ва вақт талаб этадиган ишдир. Лекин Масиҳга умид боғласак шунда хизматимиз серхосил бўлади. Бордию хикоянинг электрон шаклига эга бўлишни истасангиз www.najot.com сайтига ташриф буюринг. Хайир, омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top