3:16

Масиҳ сиз ва мен орқали дунёни ўзгартириб юборади

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Шогирд ортиришга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, эсингизда бўлса, биз анчадан бери Раббимизга бўлган хизмат ҳақида сўз юритиб келмоқдамиз. Бошқача қилиб айтганда, шогирд ортириш ёки шогирдларга мураббийлик қилиш. Биз Эгамизга ҳамроҳ бўлганимизда, Исо шогирдларига айтган охирги сўзларини эслашимиз мумкин (“Матто”да 28–боб). У шундай деган эди: “Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”. Ичимизда яшаётган Муқаддас Руҳ бизни ҳеч қачон ташлаб кетмайди, асло тарк этмайди (“Ибронийларга” 13–боб, 5–оят).

Исога осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир, шунинг учун Унинг қудрати ҳар доим биз биландир. Биз шогирдларимизга мураббийлик қилиб, уларни Худо йўлига солганимизда, Масиҳга итоаткор бўлишни ўргатганимизда, Исо ҳар доим бизга ёрдам бериб туради, бизни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Шундай экан биз Хушхабарини эълон қилишга, Худога хизмат қилишга доим тайёр туришимиз керак, чунки кучимиз манбаи бўлган Масиҳ ҳар доим биз биландир. Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат ва нафсни тийиш Руҳини берган (“2–Тимўтий” 1:7–оят), шунинг учун биз Раббимизга жасорат ва қатъийлик билан хизмат қилишимиз керак.

Жонажон юртимизда Худонинг Шоҳлигини ўрнатишда ҳар бир имонли киши фаол қатнашиши шарт, чунки ҳар биримиз бу буюк ишнинг дахл қилиб бўлмайдиган бир қисмимиз. Худо бизни ишлатмоқчи ва бунинг учун бизга зарур бўлган ҳамма нарсани бериб қўйган. Хулоса қилиб айтса бўладики, мураббийлик қилиш бу Исонинг амридир, буни ҳар доим ёдда тутишимиз лозим. Исо Ўз ҳаётини бошқалар учун фидо қилгани сингари, биз ҳам ўз ҳаётимизни бошқалар учун фидо қилишимиз, яъни бағишлашимиз керак. Бу соҳада ҳеч ким мутахассис эмас. Аммо Муқаддас Руҳнинг инъомлари туфайли ҳар биримиз мураббийлик қила оламиз.

Биз Масиҳ баданидаги биродарларимиз билан ҳамкорликда ишлашимиз, бошқаларга имонда ўсишга, Раббимизга итоаткор бўлишга ёрдам беришимиз керак. Бу бизнинг ҳар кунги ишимиз бўлиб, ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиши керак. Биз атрофимиздаги одамларга, қўшни, қариндошларга Худони акс этиб туришимиз лозим. Шунда Унинг номи бизнинг ҳаётимиз, оиламиз ва жамоамиз орқали улуғланади. Агар биз Худо берган таъминоти туфайли, Масиҳ амирини бажаришга жазм қилсак, ундай ҳолда бу дунёда катта ўзгаришлар юз бериши шубҳасиздир.

Шундай экан, яхшилик қилишдан безмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз. Биз жамоатда ва яшаётган халқ орасида ўзимизга шогирдлар орттиришимиз, мураббийлик қилишимиз керак бу Худонинг иродасидир. Биз буни адо этайлик, жонажон юртимизда Масих жамоатини ва Шоҳлигини бунёд этиш учун жон-жахдимиз билан ҳаракат қилайлик!

Азизлар, афсус менга ажратилган вақт ҳам ўз ниҳоясига етди. Бордию сизга хавола этилган хикояларни электрон шаклига эга бўлишни истасангиз www.najot.com сайтимизнинг кутубхона бўлимига ташриф буюриб керакли файлни кўчириб олинг. Барча фикр мулоҳазаларингизни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг. Раббимизга бўлган хизматингиз серхосил ва унумли бўлсин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top