3:22

Салоника шаҳрида қувғин

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, ҳаётингизни ва умидларингизни Масиҳга бағишлаган бўлсангиз сиз учун жуда хурсандман. Худонинг Севгиси ва Руҳи билан тўлиб яшаш чиндан ҳам ажойибдир. Биз энди бу дунёга эмас, аксинча, Худонинг муқаддас Шоҳилигига тегишлимиз. Шунинг учун ҳам, дунё биздан нафратланади. Бизни ўзига қайтариб олгиси келади. Биз учун қийинчиликлар туғдиради, азоблайди ва қувғинларга мубтало қилади. Бордию сизни ҳам қувғин қилишса, сира тушкунликка тушманг. Чунки биздан илгари ҳам, кўпчилик имонлиларни қувғин қилишган. Ҳатто Раббимиз Исо Масиҳни ҳам қувғин қилиб азоблашган. Бундай қувғинларга мисоллар кўп, масалан, Хаворийлар китобининг 17чи бобида қуйидаги оятлар бор.

«Сизларга мен эълон қилаётган бу Исо – Масиҳдир», – деб айтар, Масиҳнинг азоб билан ўлиб тирилиши кераклигини ишонтирарли исботлар билан баён этар эди.

Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худодан қўрққан кўпгина юнонлар билан эъзозли аёллардан иборат катта бир тўда қаноат ҳосил қилиб, Павлус билан Силага қўшилдилар. Лекин ишонмаган яҳудийлар ҳасадга тўлиб, майдондан ярамас одамларни тўплаб, халойиқ орасига ғулу солишди-да, бутун шаҳарни тўс-тўполонга айлантириб юборишди. Ясоннинг уйига ҳужум қилиб, Павлус билан Силани халқнинг олдига олиб чиқишни талаб қилишди. Уларни тополмай, Ясон ва баъзи имонлиларни шаҳар маъмурлари ҳузурига судраб келишди-да, қичқиришиб: «Дунёни остин-устин қилаётган бу одамлар мана бу ерга ҳам келишибди! Мана, Ясон уларни уйига қабул қилибди. Буларнинг ҳаммаси: Исо деган бошқа бир подшоҳ бор, деб Қайсарнинг буйруқларига қарши ҳаракат қилмоқдалар», – дейишди. Азизлар, кўриб турганингиздек бундай қувғинлар ҳамиша бўлиб турган.

Келинг, бугун айнан қувғинлар келганида Руҳга тўлиб ҳизмат қилиш учун ибодат қиламиз. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Чунки бирга айтилган ибодат анча куч қудратга эга. Энг муҳими, ибодат имон билан айтилса бас. Осмондаги Отажон, бизга кўрсатган севгинг учун раҳмат айтаман. Мени гуноҳ ботқоғидан қутқариб олганинг ажойибдир. Худойим, мен энди Сенга тегишлиман, чунки Сен мени қиммат баҳога бу дунёдан сотиб олдинг. Лекин дунё мени тинч қўймаяпти. У менга доим хужум қилмоқда. Мени Сендан оздиришга харакат қилмоқда. Қариндошларим мендан юз ўгирмоқда. Худойим, мен Сенинг ёрдаминга мухтожман. Фақат Сен менга тасалли бера оласан. Фақат Сен дардимга шифо беришга қодирсан.

Шундай экан, Худойим, менга имонда маҳкам туриш учун мени Руҳинг билан тўлдиргин. Мени жасур фарзандинг қилиб тарбиялагин. Худойим, танамни асрай деб руҳимни йўқотишдан Ўзинг асрагин. Худойим, мен бутунлай Сенга тегишлиман, қонимнинг ҳар бир томчиси, ҳар бир қилган нафасим Сенга тегишлидир. Сенинг муқаддас номинг мен учун абадий муқаддас бўлсин. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top