Азиз аёллар бугунги суҳбатимиз айнан 40 ёшдан аёлларга тегишли бўлади. Бугунги суҳбатимизни 40 ёшнинг остонасида турган аёллар ҳам тингласалар фойдадан ҳоли бўлмасди. Суҳбатдошларимиз гап нима ҳақида кетаётганини билаётган бўлсалар керак. Ҳа, айнан климакс даври ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Климакс ҳолати паталогия бўлмаган ҳар бир аёл ҳаётидаги организмнинг янги ҳолатига ўтиш даврида босиб ўтиладиган поғонадир. Мазкур даврда мураккаб “қайта қурилиш” жараёни юз беради. Бу эса ўзига ҳос қийин биологик имтиҳон бўлиб, ўта яхши тайёргарлик кўрган аёлларгина муваффақият билан ўтади. Агар аёлларда сурункали ёки пинҳон ўтган касалликлар бўлмаса, климакс осон кечади. Мабодо хасталик мавжуд экан, у кучаяди, пинҳон бўлса юзага чиқади. Аслида, соғлом аёллар ҳам климакс чоғида у билан боғлиқ жараённи бошидан ўтказиб, қизиб кетиш (қон қуйилиши), юрак уришининг тезлашиши, қон босими кўтарилиши, тушкунлик, жиззакилик, йиғлоқилик, уйқусизликни сезадилар. Баъзида эса мазкур ҳолатлар янада қийин аҳволга солади. Шунинг учун бундай аёлларни даволаш керак. Бундай муолажа эса комплекс усулда олиб борилади. Бир томондан тинчлантирувчи, антидепрессант препаратлар қўлланилади. Агар улар ёрдам бермаса, гормонатерапияга ўтилади. Организм гормонлар бирданига йўқ бўлиб қолганига мослашолмайди, бу табиий. Бутун ҳаёти давомида организмдаги барча жараёнларда гормонлар иштирок этган, қўққисдан улар ишлаб чиқарилиши тўхтаб қолади. Бундай симптомлар 85 фоиз аёлда маълум вақт ўтгач, ўтиб кетади, қолган 15 фоизига албатта, қатъий ёрдам талаб қилинади.
Климакс давридаги ҳолатлар фақат нохуш ҳолатлардир. Менструация тўхтаганидан кейин 2 йил ўтгач, айрим аёлларда турли урогенитал ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Ўша аъзонинг шиллиқ қавати юпқалашади, қурийди, ачишади, тез-тез пешоб ҳайдаш, турли жинсий ўзгаришлар содир бўлади. бундай ҳолатлар 60 ёшгача бўлган аёлларда 50 фоизгача 60 ёшдан ошганларда эса 80 фоизгача учрайди. Сабаби, гармон етишмаслигидир. Бизнинг шиллиқ қаватлар ҳолати тўғридан-тўғри гормонларга боғлиқ. Шунинг учун менструациядан кейинги даврда қуруқ коньюктивитлар, стоматитлар ва ларенгитлар тез-тез бўлиб туради.
Терида ўзига хос ўзгаришлар содир бўлади, чунки ундаги эгилувчанлик хусусияти учун жавобгар оқсил коллаген ҳам гормонлар ёрдамида ишланади. Маскур ҳолатлар аёллар учун чинакам муаммолар туғдиради, бундай вақтда гормонал терапия бирдан бир усулдир. Бу шунчаки қуруқ гап эмас, чунки гормонал препаратларни қўллаш орқали 95-97 фоиз ҳолатда тўлиқ даволанишга эришилади. Европада гормонал терапеядан 35 йилдан буён фойдаланилмоқда. Муолажа усуллари ва уларни коррекциялаш, гормонлар дозалари неча-неча авлод шифокорлари томонидан ишлаб чиқилган. Шунинг учун гормонал терапиядан чўчиш керак эмас, унинг фаоллигига ишонмаслик ҳам замонавий аёлга тўғри келмайди. Бу маълумотлар шахар аёллари учун жуда хам қўл келади, аммо қишлоқ аёлларичи, деб сўрашингиз табиий. Ха қишлоқ аёлларининг ўзларига вақт ажратиб, даволана олишлари бир мунча мураккаб масала. Аммо хар жойда хам ўзининг соғлиги хақида қайғурган аёл бу даврда мутахасисга учрайди. Бу даврга бориб аёл киши аллақачон ўғил қизларидан тинчиган бир мунча ташвишлардан холи бўлган бўлади. Шунинг учун хам энди ўзининг соғлиги хақида қайғуришга хеч бир нарса тўсиқ бўлолмайди.