«Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан» (Мат 28:20)
Ассалому алайкум. Суҳбатимизни бошлашдан олдин сизларга бир саволни бермоқчиман. Тасаввур қилинг вақтингиз кўп. Шу вақтни ёлғиз ўзингиз ўтказишни хоҳлайсизми ёки бошқалар билан биргами? Бу савол сизнинг кимлигингизни, нималарга муҳтожлигингизни, юрагингизнинг ҳолатини белгилаб беради.
Ëлғизлик ва бошқалардан ажралиб қолиш бу дунёга ҳос нарсалар. Аёл сифатида маҳаллада ўзимизни ёлғиз ҳис қилишимиз мумкин. Маҳаллани қўя туринг, баъзида ўз оиламиз ичида ўзимизни ёлғиз ҳис қиламиз. Ҳеч кимга айтмаган сирларимиз, бизни қўрқувга солади, ўзимизни ёлғиз ҳис қилишимизга сабаб бўлади. Бу ҳислар бағзида бизни бутунлай бошқаларга ўхшамаган бир кишига ўхшатиб қўяди. Оддий инсон бўлиш баъзида жуда қийин. Биз оддий инсон сифатида ўзимизни ёлғиз, манзилсиз ҳис қиламиз. Ўзимизни ҳеч бир оламга тегишли эмасдек ҳис қиламиз. Қайси даврага борманг, ўша давра учун мос эмасдек туюлади. Агар ўзингизни шундай ҳис қилсангиз, сизни жуда тушунаман. Бундан етти йил олдин янги уйга кўчиб келдик. Янги маҳалла, янги одамлар, узоқ вақтгача қўшнилар ва маҳалладагилар билан гаплашмай юрдим. Икки йил шунчаки салом-алик билан ўтиб кетди. Улар мени билмасди, мен эса уларни билмасдим. Бу ҳолат ҳар бир аёлнинг ҳаётида рўй бериши табиий. Баъзи аёллар нотаниш муҳитга тезда мослашиб, янги одамлар билан тезда апоқ-чапоқ бўлиб кетадилар. Бироқ ҳамма ҳам ундай эмас, баъзи аёлларнинг янги муҳитга, янги одамларга кўникиши учун вақт керак бўлади. Бу вақт давомида эса аёл киши ўзини ёлғиз ва келгиндидай ҳис қилади. Бу ҳолатга тушган ёлғзи биз эмасмиз. Ҳатто ҳаворий Павлус ҳам шундай ҳолатни бошидан кечирган: «Меҳнат ва машаққат остида, кўп дафъа уйқусизликда, очлик ва ташналикда, кўп рўза тутиш азобларида қолдим, совуқ ҳавода яланғоч юрдим» (2Кор 11:27) Ҳаворий Павлус ёлғизлик нималигини биларди. Ҳатто ҳазрати Довуд ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилган. У ҳам кимнингдир мададига, тасаллисига муҳтож бўлган. Забур китоби 68:21 оят шундай дейди: «Шармандаликдан юрагим қон бўлди, ўлар ҳолатда дармонсизман. Шафқат кутдим, аммо беҳуда. Тасалли қидирдим, лекин топмадим». Ибтидо китобида Худо «Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас», деб айтган. Агар Каломда ёзилганига қарасак, Худо одамга аёл кераклигини назарда тутган. Бироқ Худо бизни бир-биримизга муҳтож қилиб яратган. Воиз китобида ҳам бу ҳақида шундай ёзилган: «Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди. Икки киши бирга ётса, совуқ қотмайдилар, агар киши бир ўзи ётса қандай қилиб исинади?» (Воиз 4:9-11). Биз баъзида ўзимизни қалбан ёлғиз ҳис қиламиз. Кимдир бизни билишини биз ҳам бошқа бировни билишни истаймиз. Бизни тушунадиган, далда бероладиган кишига муҳтож бўламиз. Агар шундай ҳолатга тушсангиз Забур 61:8 оятга мурожаат қилинг: «Нажотим ва иззатим Худодан келур. Худодир қудратли қоям, паноҳим менинг». Азизлар бизда сизни қизиқтирган ҳар қандай мавзу топилади. Агар ишончли бир дардкашга муҳтож бўлсангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга киринг ва ўз муаммоларингизни биз билан ўртоқлашинг.