Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Сиз учун тайёрланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, эсингизда бўлса биз Масиҳнинг қони ҳақида гапириб келмоқдамиз. Агар қон Худони қониқтирган бўлса, у бизни ҳам қониқтириши керак. Яъни қон орқали бизлар виждон қийноғидан ҳам қутулишимиз керак. Ибронийларга мактубида ана шу ҳақда ёзилган. Бизлар юракларимиз “ёмон виждондан покланиши” га муҳтожмиз (Ибр.10:22). Бу фикр жуда муҳим бўлганлиги учун бу ҳақда бироз тўхталсак. Қаранг, оятда Раббимиз Исо Масиҳнинг қони юракларимизни тозалайди, деб ёзилган эмас. Баъзан имонлилар: «Раббим Исо Масиҳ, менинг юрагимни Ўз қонинг билан ювиб тозала!» — деб дуо қилишади. Бундай одамлар Масиҳ қонининг таъсир доираси нима эканлигини яхши тушунишмаган. Худо Ўз Сўзида бизларнинг юракларимиз “жуда ёмон” эканлигини айтади (Ерем.17:9). Бизларнинг юракларимиз ремонт қилинишга эмас, балки янгиланишга муҳтож — Худо бизга янги юрак беришни хоҳлайди.
Ўчоққа ташлайдиган эски-тускини биз ҳеч қачон тозалаб ювиб, дазмолламаймиз. Бизнинг эски ўзлигимиз йўқ қилинишдан бошқа ҳеч нарсага ярамайди. Уни хочга михлаш керак. Худо бизни янгитдан, қайтадан яратиши керак: “Мен сизларга янги юрак, янги руҳ бераман” (Езек.36:26). Муқаддас Китобда “қон бизнинг юракларимизни тозалайди” деган бирорта оятни учратдингларми? Ахир Масиҳнинг қони биринчи навбатда Худо учун тўкилди! Тўғри, Ибронийларга мактубининг ўнинчи бобида қон бизнинг юрагимизни поклаши ҳақида ёзилган, лекин қон бизнинг юрагимизни фақат “ёмон виждондан” тозалайди: “Шундай қилиб, дилларимиз ёмон виждондан покланган бўлиб, биз энди тўла ишонч ва эътиқод билан, чин қалбдан Худога яқинлашайлик” (Ибр.10:22). Гуноҳга ботганимиз учун, виждонимиз ифлосланган. Шу сабабли, энди ҳар гал мен Худога яқинлашмоқчи бўлганимда, мендаги ифлос виждон менинг Худо олдида айбдорлигимни менга эслатиб туради, мени Худога яқинлаштирмай туради. Лекин энди Масиҳнинг қони менинг гуноҳларимга тўла тўлов берди. Худонинг Сўзида шундай деб ёзилган.
Масиҳга ишонган ҳар бир одам, гуноҳлари кечирилганига ҳам тўла ишониши лозим, айбдорлик ҳиссидан ҳам қутулиши керак. Масиҳнинг қони бизни ёмон виждондан тозалайди. Худо билан ҳар доим бирга юриш учун юракнинг гуноҳ ҳиссидан озод бўлиши жуда муҳимлигини ҳар биримиз биламиз. Юрак имонга тўла бўлиши учун виждон ҳар қандай айб-гуноҳдан озод бўлиши керак. Уларнинг бири иккинчисига боғлиқ. Қачон виждонимиз бизни айблашни бошласа, имонимиз ҳам “аварияга” учрайди. Дарров ичимизда бизни Худога яқинлаштирмайдиган бир “тўсиқ” пайдо бўлади. Худо билан доим бирга юриш учун, биз доим Масиҳ қонининг таъсирини, кучини билишимиз керак. Худо ҳамма нарсанинг аниқ ҳисоб-китобини олган. Бизлар — имонлилар, Масиҳ қони туфайли, ҳар доим Худонинг ҳузурига бора оламиз. Агар ишонсак, Худонинг иноят тахтига яқинлашиш учун Масиҳнинг қони бизга асос яратади. Муқаддаслар Муқаддасига кирар эканмиз, Масиҳнинг қонидан бошқа яна нимага суянишимиз мумкин? Худонинг ҳузурига кириш учун ўзимизнинг бирорта ишимизга ҳам асосланишимиз мумкинми? Ё фақат ҳазрати Исонинг қонига суянамизми? Азизлар, бордию бу масалада фикр ёки саволларингиз бўлса, dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг www.najot.com сайтидан фойдаланинг. Хайир азизлар. Раббимиз севгиси барчангизга ёр бўлсин.