Narrator 1 «Шунда бутун жамоатлар Мен кўнгил ва қалбларни синаб кўргувчи эканимни билиб оладилар. Орангиздаги ҳар бир кишини ўз қилмишига яраша тақдирлайман» (Ваҳ 2:23).
Ассалому алайкум. Чиндан ҳам Худовандимиз кўнгил ва қалбларни синаб кўргувчи Худо. Худовандимиз ҳамма жойда ҳозир бўла оладиган, ҳар нарсага қодир, ҳар нарсани кўрадиган Худо. «Ҳеч ким кўрмаяпти-ку», деб гуноҳ қиладиганлар адашадилар. Худованд кўриб туради. «Ҳеч ким билмайди», дейдиганлар ҳам адашадилар, Худо билади. Бир гуноҳ қилсак, Худованд бизни дарҳол жазоламайди. Тавба қилишимиз учун муҳлат беради. Агар унинг сабр-тоқатини суъистемол қилсак, ғазабига дучор бўламиз.
Narrator 2 Тиятира шаҳридаги Масиҳ жамоатида ҳам шундай камчилик бор эди. Худованд бу жамоат ҳақида шундай дейди: «…Сенинг ишларинг, севгинг, имонинг, фидойилигинг ва сабрингни биламан. Охирги ишларинг аввалгисидан кўпроқ эканини ҳам биламан. Лекин сенга бир эътирозим бор: Изавел деган хотинга йўл қўйибсан. У … қулларимни тўғри йўлдан оздирмоқда. Тавба қилиши учун унга муҳлат бердим, аммо у зинокорлигидан тавба қилмоқчи эмас. Мана, Мен уни…буюк кулфатга дучор қиламан… Шунда бутун жамоатлар Мен кўнгил ва қалбларни синаб кўргувчи эканимни билиб оладилар. Орангиздаги ҳар бир кишини ўз қилмишига яраша тақдирлайман.
Narrator 1 Тиятирада қолган ва бу таълимотга эргашмаган…ларнинг ҳаммасига айтаман: сизларга бошқа оғирлик солмайман. Фақат Мен келгунимга қадар, сизда бор бўлганни қаттиқ ушланглар» (Ваҳ 2:19-25). Агар диққат билан тинглаган бўлсангиз, бу сўзлар тўғридан-тўғри бизлар учун айтилган. Агар Тиятирадаги жамоатни бир шахс деб билсак, унинг ичида яхши ишлар, сабр-тоқат, севги, фидойилик, имон бўлиши билан бирга, ёмон иллат ҳам бўлган. Яъни зинокорлик. Ўша одамнинг бу одати, бошқаларнинг ҳам бузилишига сабаб бўлган. Гарчи ичимизда имон, ишонч, севги, сабр тоқат, фидойилик бўлса ҳам биргина гуноҳли одатимиз ёки қилмишимиз Худонинг норозилигига сабаб бўлади.
Narrator 2 Худованд шу иллатимизни кўришимизни, ундан тавба қилиб воз кечишимизни истайди. У бизга тавба қилишимиз учун вақт ва имкон беради. Агар шунда ҳам тавба қилмасак, худди Тиятира жамоатидаги аёл каби бизни ҳам жазолайди. Худованд кўнглимизни, қалбларимизни биздан-да яхшироқ билади. Агар чиндан ҳам Худога бўлган севгимиз кучли бўлса, Худонинг йўлида фидойи бўлсак, хатоларимизни тан ола биламиз. Улардан воз кечиш ҳам қўлимиздан келади. Шундай қилсак, Худованд бизни ўз қилмишимизга яраша тақдирлайди. Шундай яхши ҳислатларга эга бўлиб, Тиятира жамоати ҳам бошига ёмон кунлар тушишини истамаган. Биз ҳам буни истамаймиз.