Narrator 1 Ассалому алайкум. Жуда қадимдан Худованд инсонларнинг фақат Унга сажда қилишларини, сиғинишларини ва фақат Ундан ёрдам кутишларини истаган. Ва бу истагини Ўзи танлаган одамлари орқали халққа маълум қилган. Исроил ҳалқи Мисрдан олиб чиқилганидан сўнг 40 йил саҳрода юрди. Бу пайт давомида Улар Худо билан қандай муносабат қилишни, Унга қандай сажда қилишни билиб олишди. Худо уларга Ўзининг йўлида тўғри юришларини назорат қилишга ёрдам берадиган ўнта амрни берди, бироқ шунга қарамай, Исроил халқидан баъзи бировлар ҳали ҳам бутларга сиғинишини қўймасди. Шундай кишилардан бири Эфрайим қабиласидан бўлган Михо эди.
Narrator 2 Михо эфрайим ҳудудидаги қирларда яшарди. Унинг Худо ҳақидаги фикрлари, эътиқоди атрофидаги халқларнинг таъсирида ўзгариб кетганди. У бутларга ҳам Худога ишонарди. Фақат Худога ишониш кераклигини унутиб қўйганди. Шу чалкаш эътиқод уни Худодан узоқлаштириб, гуноҳга бошлади. Бир куни у онасининг пулини ўғирлади. Онаси эса пулини топа олмай, ўғрини қарғади. Каломда ёзилишича, ноҳақдан қилинган қарғиш йўналтирилган одамга етиб бормайди. Бироқ Михо қилган иши учун қарғиш олди. Келинг, бу ҳақида Каломда нима дейилганини билиб оламиз: «Бир куни у онасига деди: — Ойи, эсингиздами 1100 кумуш тангани ўғирлатиб қўйган эдингиз? Ўшанда ўғрини олдимда қарғагансиз. Мана, ўша кумушингиз. Уни мен олгандим.» Онаси эса бу кумуш тангаларни заргарга бериб, ундан бут ва санамчалар ясаттирди. Сўнгра бу бутни Михонинг уйига ўрнатди.
Narrator 1 Бут ҳеч қачон ҳеч кимга яхшилик келтирмаган. Михога ҳам яхшилик келтирмади. У шу бут орқали баракали бўлиб кетаман, ишларим юришади деб ўйлаган эди. Шу мақсадда бир леви қабиласидан бўлган кишини ҳам уйига олиб келтириб, руҳоний қилиб қўйди. Бироқ Худо уни санамларидан, бутларидан ҳалос қилишни истади: «Бу воқеалар содир бўлган даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. …Олти юзта қуролланган Дан қўшини дарвозанинг ёнида турган эди. Айғоқчилик қилган бешта одам тўппа-тўғри ичкарига бостириб кириб, руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва кумуш билан қопланган бутни олиб…кетди». Нега бундай бўлди? Ахир Михо Худонинг марҳаматини, баракасини кутаётган эди-ку?
Narrator 2 Баъзан биз ҳам Худога алоқадор бўлмаган, Худога маъқул келмайдиган нарсаларга ишонамиз, шулар орқали Худонинг марҳаматини, яхшилигига умид қиламиз. «Шундай қилсам, Худованд мен томонда бўлади», — деб ўйлаймиз. Бироқ бундай фикрлашдан олдин, Худони яхшироқ билиб олиш керак. Худони яхши билмай туриб, Унга нима маъқул келиши ёки нима маъқул келмаслигини билиб бўлмайди. Михонинг ҳатоси ҳам айнан шунда эди. У ҳам художўйликни, ҳам гуноҳни бир хилда олиб бораётган эди. Худога маъқул келмагани учун ҳам уйидаги санамларидан маҳрум қилди. Бунинг замирида Худонинг яхши нияти борлигини Михо билмасди. Бизнинг бошимизга келадиган биз ёмонлик деб ўйлайдиган нарса аслида бирор яхши мақсад билан қилинган бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўринг.