3:01

Қўрқувдан озод бўлиш

MP3

Narrator 1 «У илтижо қилганда Мен жавоб берурман. Оғир кунларида у билан бирга бўлурман. Уни қутқариб, унга иззат кўрсатурман. Узоқ умр билан уни мамнун қилурман. Унга нажот берурман» (Заб 90:16).

Ассалому алайкум. Қўрқув — бу сўз ҳақида фақат бир хил таъриф беришнинг имкони йўқ. Қўрқув икки хил бўлади. Ижобий ва салбий қўрқув. Ижобий қўрқув бу Худованддан қўрқиш. Худованддан қўрқиш бизни Унга яқинлаштиради. Унинг амрларини бажаришга ундайди, Унинг иродасини билиб олишга ёрдам беради. Бу илоҳий қўрқувдир. Унинг ҳеч бир ёмон томони йўқ. У бизга фақат ёрдам беради. Салбий қўрқув эса, кишиларни қулликка етаклайди. Руҳий тушкунликка туширади. Доимо ҳадиксираб яшашга, ҳаётининг мақсадини йўқотиб қўйишга сабаб бўлади. Бугун айнан мана шу қўрқувдан қандай озод бўлиш ҳақида суҳбатлашамиз.

Narrator 2 Озодлик сўзи сизни чўчитмасин. Унда ҳеч қандай шубҳали ёки ғалати нарса йўқ. Озодлик – сизни Худодан бошқа нима ушлаб турган бўлса, барчасидан қутулиш демакдир. Булар – қўрқув руҳи, ғазаб, шаҳвоний хирс, ёлғончилик бўлиши мумкин. Шунингдек, сизда ўзини ҳимоялаш воситаси каби пайдо бўлган тушкунлик ёки тобелик ҳам бўлиши мумкин. Масалан, беихтиёр кўп еб қўйиш ёки одамлардан бекиниш одати. Одамлар жуда кўп ҳолларда озодлик мавзусида гапиришга қўрқадилар. Инсонларни қўрқувдан, турли хил руҳий ҳасталиклардан озод қилган Исо Масиҳ бугун бизнинг ҳаётимизни ҳам шу нарсалардан озод қилмоқчи. У Муқаддас Калом орқали шундай дейди: «…тўғриси, сен бироз бўлса ҳам ишона олсанг эди..! Эътиқодли киши ҳамма имконга эга бўлади» (Мк. 9:23).

Narrator 1 Бу сўзларни бизнинг бутун ҳаётимизга тадбиқ қилса бўлади, аммо Исо уларни ёвуз руҳлардан озод бўлишга ундайди. У яна шундай дейди: «…Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар» (Мк 16:17). Раббий бизга Худодан бўлмаган ҳамма нарсани ҳайдашга куч ва ҳуқуқ беради, биз буни Унинг номи билан амалга оширишимиз мумкин. Бу биздаги қўрқувга ҳам тегишли. Инсонларда қўрқув турлича кўринишда бўлади. Кимдир катта амалидан айрилиб қолишни қўрқиб, ҳавотирда яшайди, баъзи аёллар фарзандларидан ёки турмуш ўртоғидан айрилиб қолиш каби бемаъни ва асоссиз қўрқув қуршовида бўлади, бошқалар эса ҳаётида мудҳиш воқеа бўлишидан қўрқади. Хуллас, ким нимадан қўрқишига мисоллар жуда кўп. Буларнинг ҳаммаси шайтоннинг ҳийла-найранглари эканини унутиб қўямиз.

Narrator 2 Исо худди бизнинг жисмоний хасталикларимизни енггани каби, осонгина руҳий хасталикларимизга ҳам бас кела олади. Бу Унинг ердаги фаолиятининг одатий қисмидир. Беморлар шифога муҳтож бўлганидай, бирор нимадан қўрқадиган кишилар ҳам шифога, озодликка муҳтождирлар. Исо бизни бугун ҳам зулмат руҳларидан озод бўлишимизга, уларни Унинг номи билан ҳайдашимизга ёрдам беради. Одамлар қўрқувдан ҳалос бўлганларидан кейин, руҳий ҳаётлари таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади. Улар энди доимо ҳадиксирайдиган, ишончсиз одамлар эмас, ўзига ишонган, Худонинг ҳақиқатлари асосида яшайдиган бўлишади. Буни сиз ҳам тажрибада синаб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top