Narrator 1 Ассалому алайкум, қадрли тингловчи. Ҳаммамиз ҳам соғлом ва тетик юрганимизда, танамизга етишмайдиган, унга зарур дармондорилар ҳақида ўйламаймиз. Бирор жойимиз оғриганда, ёки ўзимизни лоҳас ҳис қилганимиздагина, «Менга қандай витамин етишмаяпти экан-а!» — деб қоламиз. Шундай саволга жавоб бериш учун бугунги суҳбатимизни баъзан-баъзан танамизга етишмай қоладиган витаминлар ҳақида олиб боришни маъқул кўрдик.
Бир неча ҳафтадан бери ўзингизни яхши ҳис қилмаётган, тез чарчаб қолаётган, доим уйқунгиз келаётган бўлса, баҳорни айблашга шошилманг. Бунинг сабаби шунчаки организмингизга бирор витамин етишмаётганида бўлиши мумкин.
Narrator 2 Айнан қайси бири етарли миқдорда эмаслигини эса суҳбатимиз давомида ўзингиз текшириб кўринг. Агар организмингиз инфекцияларга қаршилик кўрсата олмай қолган бўлса, совуққа нисбатан ўта сезгирлик ошган, уйқу бузилган бўлса, баъзан милклар қонаса билингки, танангизда С витамини заҳираси камайиб қолган. С витамини камайишга ҳам аслида ўзимиз сабабчи бўламиз. Етарлича ухламаслик ва ҳаддан зиёд кўп ишлаш ҳам бу витаминга қирон келтиради. Организмни С витамини билан таъминлаш учун ўртача катталикдаги иккита киви С витаминининг бир кунлик заҳирасини тўлдиради. Агар бирдан бошингиз оғриб қолаётган, тез-тез томирларингиз тортишиб, асабийлашиб қолган бўлсангиз, паришонхотирлик юзага келса, бу Е витамини етишмаслигидан дарак беради.
Narrator 1 Е витамини организм ҳужайраларини зарарлашдан ҳимоялайди. Шу тариқа тез қаришнинг олдини олади. У кўпгина тери хасталикларини даволашга ёрдам беради. Бу витаминнинг бир кунлик меъёри рафинадланмаган кунгабоқар ёғининг атиги 1 ош қошиғи таркибида мавжуд.
Агар терингиз қуруқлашиб қолган бўлса, иштаҳангиз сезиларли даражада сусайса, кўриш қобилиятингиз ёмонлашган ва кўзларда санчиқ пайдо бўлса, демак сизга А витамини етишмаяпти. Бу таомномангизда ёғлар етарли миқдорда эмаслигини билдиради. Негаки А витамини ёғларсиз яхши ўзлаштирилмайди. Организмингизни А витаминига тўйдиришнинг энг осон йўли бу сабзавотлар ва пишлоқ қўшилган қуймоқ танаввул қилиш.
Narrator 2 Унда ёғлар кўп, калорияси эса унчалик юқори эмас. Айниқса, жигар, сариёғ, тухум сариғи, балиқ ёғи ва қаймоқ А витаминига бой.
Қўл оёқларингиз тез-тез увишиб қолиб ҳолсиз бўлиб қолса, хотира заифлашса, тез-тез увишиб қолиш, юрак ўйнаши, ҳолсизлик, руҳан сиқилиш, тез-тез шамоллаш кузатилса, уйқучанлик, бош айланиши, соч тўкилиши безовта қилса, милклар қонаса, ошқозон-ичак тракти яллиғланиши аниқланса, бирдан озиб кетсангиз, демак сизда В гуруҳидаги витаминлар етишмайди. Тухум, жиагар, юрак, сут каби маҳсулотлар сизга етарли даражада В гуруҳи витаминларини таъминлайди. Суҳбатимизни тинглаб туриб ўзингизга етишмаётган витаминларни аниқлаб олдингиз, деб умид қиламиз.