Narrator 1 Ассалому алайкум қадрли ота-оналар. Фарзандларимиз ҳаётининг деярли асосий қисмини ташкил қиладиган ўйинчоқлар уларнинг дунёни ўрганишига, уларда яширин қобилиятларнинг шаклланишига хизмат қилади. Ўйинчоқ боланинг маънавий ва руҳий тарбиясига хизмат қиладиган восита бўлиши керак. Масалан, қайсидир ўйинчоқлар кичкинтойнинг нутқини ўстиришга кўмаклашади, қай бирлари эса унинг тафаккурини ривожлантиради. Яна бир хил ўйинчоқлар болани ташқи дунё билан боғлайди. Демак, болага қандай ўйинчоқлар олиб беришни биз ота-оналар ҳал қиламиз.
Narrator 2 Ëшига етмаган гўдакларга шиқилдоқлар олиб берамиз. Силкитганда шиқиллайдиган бу бежирим ўйинчоқлар аслида боланинг диққатини бир жойга жамлашга ёрдам берар экан. Йиғлаётган ёки хархаша қилаётган бола шиқилдоқнинг товушини эшитиб жим бўлади, шу аснода товушга сезувчанлик қобилияти шаклланади. Агар шиқилдоқлар икки-уч хил рангда бўлса, янада яхши. Бола шиқилдоқнинг овозидан хушёр тортиш баробарида унинг рангларини фарқлашни ҳам ўрганади. Масалан, қизил, сариқ ва яшил рангли шиқилдоқлар ёрқин бўлгани учун гўдакка кўпроқ ёқади. У баъзида шиқилдоқни қўли билан олишга уринади, рангларга қизиқиб, ўзи ўйнагиси келади. Бу жараёнда боланинг ҳаракат қилиш қобилияти ҳам орта боради.
Narrator 1 Маслаҳат шуки, боланинг шиқилдоқли ўйинчоқларини тез-тез янгилаб туринг. Уларнинг шакли ҳам бир-бириникига ўхшамасин. Ўғил болаларга ҳайвонлар шаклидаги шиқилдоқларни танланг. Қизларга эса оймомо, гул ёки мунчоқ кўринишида бўлган шиқилдоқлар маъқул. Уларни кунора илиқ совунли сувда ювиб туринг.
Бола икки ёки уч ёшдан ошганидан кейин унга бирон бир мазмунга эга бўлган ўйинчоқ олиб берган маъқул. Чунки бу вақтда кичкинтой ўйинчоқларнинг нафақат шакли ва рангига, балки мазмунига ҳам эътибор беради. Масалан, ўйинчоқ ўйнаётиб болада савол туғилади: идишдаги ғиштчалар нима учун ишлатилади? Белкуракчанинг вазифаси нима? Қуёнча нега сакрамаяпти! Қўғирчоқ қачон кўзини юмиб, ухлайди? Хуллас, болакайнинг бундай саволларига оналар бирма-бир жавоб бериб, ҳар битта ўйинчоқнинг мазмуни ва вазифаларини унга уқтириб боришлари керак.
Narrator 2 Кичкинтой тасаввурининг бойиши, тафаккур оламининг кенгайиши ва ҳар бир ўйинчоққа баҳо бериш қобилиятининг ривожланиши, албатта ўйин давомида маромига етади. У ўйинчоқлардан фойдаланаётиб, ҳар биттасининг ҳатти-ҳаракати мазмунини ўрганади, улар билан мулоқотда бўлади, баъзан «суҳбатлашади» ҳам. Ўйинчоқ ёрдамида бола ўзидаги яхши фазилатларни тарбиялайди, жумладан феълида ташаббус кўрсатиш, фаол бўлиш, мустақил ҳаракат қилиш, топағонлик ва зийраклик ҳусусиятлари шакллантиради.
Азиз ота-оналар, ўйинчоқлар фарзандингизга қанчалик фойдали эканини билишни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатларимизни тинглашни унутманг. Бундан ташқари бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга болангизнинг руҳан ва жисмонан камолга етишига ёрдам брадиган мавзуларни эътиборингизга ҳавола қилади.