2:46

Ўйинчоқлар 2 қисм

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум ғамхўр ота-оналар. Болалар бизнинг жону-жаҳонимиз. Улар бизга Яратган томонидан берилган мукофотдирлар. Уларни яхши тарбия қилишда бизга уларнинг жону-дили бўлган ўйинчоқлар ёрдам беради. Пайқаган бўлсангиз, бугунги суҳбатимиз ҳам ўйинчоқлар ҳақида. Ўтган сафар сизлар билан ўйинчоқлар бола ҳаётининг дастлабки йилларида уларнинг ҳаракат қилиш қобилиятини, рангларни ажратиш ва товушларга диққат қилиш қобилиятини ошириши ҳақида айтиб ўтган эдик. Бугун ўйинчоқлар ёрдамида боланинг руҳий аҳволи ва қизиқишлари ҳақида билиб оламиз. Болангизга чиройли шаклдаги ўйинчоқларни беринг. Танланган ўйинчоқ ҳайвонлар қўрқинчли қиёфада бўлмасин. Қўғирчоқлар қизчанинг ёшига мос бўлгани маъқул.

Narrator 2 Муҳими, ўйинчоқ болакайга ёқсин, шундагина у севиб ўйнайди, ўйинчоғи билан «гаплашади», унга кўнглидагиларни айтади. Шу тарзда боланинг нутқи ва идроки ривожланади. Ўйинчоқларни танлашда кичкинтойнинг руҳий аҳволи, қизиқишлари ва феъл-атворини ҳисобга олганингиз маъқул. Масалан, болаларнинг айримлари оддий кубиклардан нималарнидир ясашни исташади, айримлари эса ўйин давомида образга кириб, машина ёки самолёт учувчисига айланадилар. Баъзи бир болалар бир хил ўйинчоқдан тез зерикиб, дарров бошқасини хоҳлаб қолишади. Уларни кўпроқ мозаикалар қизиқтиради. Яна бир хил болалар бир четда ўйинчоқ ўйнаб ўтиришдан кўра ҳаракатли машғулотларни афзал кўришади. Масалан, бекинмачоқ, қувлашмачоқ сингари машғулотларни завқ билан ўйнайдилар.

Narrator 1 Демак, аввало бола қизиқишларини ўрганиш, шундан кейингина унга ўйинчоқ харид қилиш керак. Ўйинчоқни кўпам ёқтирмайдиган болалар билан турли ҳаракатли ўйинларни биргаликда бажаришингиз мумкин. Шундай вақтда бола ўйин марказида бўлсин, яъни унга кўпроқ имконият беринг.

Бола ўйнаётганида ўйинчоқларга муносабатини назорат қилинг. Масалан, ўғил бола кубиклардан шакллар ясаб бўлгач, ўйин сўнгида, албатта, уларни тахлаб, қутисига солиб қўйишга одатлансин. Ёки белкуракчасини лойдан тозалаб, бир четга олиб қўйишни ўргансин. Шунингдек, қиз болалар қўғирчоғининг либосларини тоза тутишни ёддан чиқаришмасин.

Narrator 2 Хуллас, ўйинчоқ шунчаки овунчоқ эмас, балки боланинг тарбиясида жуда катта аҳамиятга эга бўлган восита ҳисобланади. Фарзандининг ҳар жиҳатдан баркамол ривожланишини истаган ота-оналар буни асло ёддан чиқармасликлари керак.

Болалар ўйинчоқларни ўйнаш баробарида дунёни, ҳаётни ўрганишади. Болаларига турли туман ўйинчоқлар олиб берган ота-оналар, уларнинг ўйинларини астойдил кузатишларини маслаҳат берамиз. Уларнинг ўйинларини кузатар экансиз, болангизнинг ҳарактери ривожланаётганини, келажакда қандай инсон бўлишини таҳминан билиб олиш мумкин. Азиз ота-оналар болангиз тарбияси, қизиқишлари уларга фойдали бўлган нарсалар ҳақида билиб олишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top