«Лекин Муқаддас Руҳ устингизга тушиб келганида, сизлар қувват оласизлар…» (Ҳав 1:8).
Ассалому алайкум. Ҳар бир имонли ҳаёти давомида бир марта бўлса ҳам, нимадир қилишга куч тополмаётганини ҳис қилади. Чарчайди. Имонли аёл эса эркак кишидан ҳам кўпроқ чарчаса керак, деб ўйлайман. Унинг зиммасида жуда кўп мажбуриятлар бор. Оила, болалар, иши, қариндош-уруғлари. Уларнинг ҳаммасига ғамхўрлик қилиш керак. Оиласини донолик билан юритиши, фарзандларига муҳаббат, сабр-тоқат ва донолик билан тарбия бериши лозим. Бу аёл киши қилиши керак бўлган ишларнинг юздан бири холос. Хуллас, аёл бир кун келиб, ишлашга, кундалик вазифаларини ёки Худонинг иродасини бажаришга куч тополмаётганини ҳис қилади. Хўш, бундай пайтда нима қилиш керак? Болаларни, эрини қолдириб, бирор ерга кетишнинг иложи бўлмаса, нима қилиш керак?
Атрофимизда жуда кўп аёллар кучсизликдан шикоят қилишади. Бироқ Исо Масиҳ осмонга олинишидан олдин, шундай деганди: «Лекин Муқаддас Руҳ устингизга тушиб келганида, сизлар қувват оласизлар…». Бу фақат ҳаворийларга ёки эркакларга тегишли гап эмас. Бу биз аёлларга ҳам тегишли. Ëдингиздами, Исо Масиҳнинг ортидан аёллар ҳам эргашишган. Бизда куч йўқ эмас. Худонинг хушхабари юрагимизда экан, кучимиз бор. Фақат керак пайтида ўша кучни тополмай қоламиз. Кучингиз қолмаганини ҳис қилганингизда, Исо Масиҳнинг ҳозирги сўзларини эсланг. Шу оят ёрдамида ибодат қилинг. Ҳазрати Довуд Забур китобида Худо каломи ҳақида кеча-ю, кундуз ўйлаган одамнинг саодатли деб айтади. Иброҳим Пайғамбар, Дониёр пайғамбар, ва ҳаворий Павлуслар ҳам Худо Каломи устида мушоҳада юритишни билишган. Худо Каломи ҳақида фикр юритиш бу Худога вақт ажратиб, шу вақт давомида Калом ўқиш, каломда ўқиганлар устида фикр юритиш дегани.
Агар ҳар куни мана шуни ўзингизга одат қилиб олсангиз, кучингиз қайтганини ҳис қиласиз. Аммо Худо Каломи ҳақида ҳар куни фикр юритиш керак. Бу иш сизга одат бўлиб қолганидагина қалбингиз Муқаддас Руҳга тўлаётганини ҳис қиласиз. Илёс пайғамбар ҳаётида бўлаётган ташвишлардан, доимо уни ўлдириши учун қилинаётган таъқиблардан чарчаб, тушкунликка тушганида, Худонинг ўзи ёрдамга келди. Юсуф қулликда бўлса ҳам, Муқаддас Руҳга тўлишни ўрганди. Ҳазрати Довуд ҳам бир неча маротаба ўлимга яқин юрганда ҳам Худодан узоқлашмади. Уларнинг ҳаммаси Муқаддас Руҳга тўлиш сирини билганди. Хўш, Муқаддас Руҳга тўлсак, ҳаётимизда нималар юз беради? Биринчидан биз инсонлар руҳга эгамиз, шунинг учун Худо бизга руҳий куч беради. Биз кўп нарсалар ҳақида ўйлаб, қарор чиқаришимиз керак, шунинг учун ҳам Худо бизга донолик беради. Ундан ташқари Унинг иродасини бажаришимиз учун танамизга қувват ҳам беради. Бундай кучларга эга бўлганимиздан кейин, Худо иродасини бажаришимиз учун У бизни моддий томондан ҳам қўллаб қувватлайди ва бизга ёрдам бериши учун одамларни ҳам атрофимизга келтириб қўяди. Жуда ажойиб-а! Худонинг ишлари ҳақида кўпроқ билишни истайсизми? Унда бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга кириб, ўзингиз истаган маълумотларга эга бўлинг.