MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Инсон зотини тушуниш қийин. Ҳар бири турлича фикрлайди, турлича тушунади ва вазиятларга турлича баҳо беради. Аммо бир нарсада инсон фарқ қилмайди. Унутишда. Албатта ҳаётида бўлиб ётган ёмон воқеаларни, бир пайтлар инсонлардан олган жароҳатни, азиятни унутиш яхши, бироқ инсон зоти ёмон нарсани қийинчилик билан унутади. Аксинча қийинчиликлардан қутулиб осуда, тинч жойга етиб боргани заҳоти Худонинг яхшилигини унутади. Биз ҳам шундай инсонлардан биримиз. Эски Аҳд китобини ўқисангиз, Худо ҳалқининг қандай тиришқоқлик билан Худони излаганларига, тавба қилиб ибодатда бўлганларига ҳайрон қоласиз. Худо уларнинг ибодатларини эшитди, уларга жавоб берди. Аммо ҳаётлари эндигина изга тушганда, улар ким эканликларини, қаердан келганларини ва Худо улар учун нима ишлар қилганини унутиб, йўлдан адашдилар.

Narrator 2 Нақадар инсонларга ҳос ҳислат. Бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай бўлмайдими?! Биз ҳам қийин дамларда Худога интиламиз, Ундан нажот кутамиз. Худованд ибодатларимизга жавоб бериб, бизни қийинчиликдан олиб ўтгач эса, Худога аввалгидай тез-тез ибодат қилмаймиз, Уни улуғлашни унутамиз, ҳаётимизнинг сокинлигидан, яхшилигидан роҳатланиб, маза қилишда давом этамиз. Қадимги Худо ҳалқи ҳам шундай хатога йўл қўйган. Ҳаётлари изга тушганида Худони унутиб, қийин пайтларда яна Парвардигорни эслаб қолишди, тўғри йўлга тушиб олишди. Роҳат-фароғатда эса улар яна гуноҳга қўл уриб, Худодан юз ўгирдилар. Доимо шундай бўлиб келди. Фароғатли кунларда ҳам, оғир кунлардаги каби, ибодат қиламан деб нечтамиз айта оламиз? Ишончимиз комилки, бундайлар кўп эмас.

Narrator 1 Агар бизнинг ибодатларимиз жавобсиз қолган пайтларда ҳам ўшандай содиқлик билан ва қизғин ибодат қилишда давом қилганимизда эди, ҳаётимизда азоб-уқубатлар камроқ бўларди ёки умуман бўлмасди. Бу ҳаёт умуман ташвишлардан ҳоли бўларди, дегани эмас. Чунки бу тўғри эмас, биз бекордан-бекорга азоб чекмасдик ҳолос. Бироқ ишончимиз комилки, бир кун келиб Худо фарзандлари шундай ҳаёт кечиришни ўрганиб оладилар. Муқаддас Калом шундай дейди: «Шунинг учун, ўзининг мустаҳкамлигига ишонган киши йиқилмаслик учун эҳтиёт бўлсин» (1Кор 10:12). Агар ҳаётингизни зулмат чулғаган деб ўйласангиз, бу зулмат ичидан Худони қидиринг. Худо ҳали ҳам ўша — яхши кунларингизда бирга бўлган Худо эканини унутманг. У сизни тингламаётгандай туюлса ҳам, ундай эмас, У қийин дамларингизда ҳам ёнингизда бўлади.

Narrator 2 Агар фароғатли кунларда яшаётган бўлсангиз, йиқилиб қолмаслик учун эҳтиётингизни қилинг. Ҳар бир қадамингизга эътибор қилинг. Йиқилиб қолмаслик учун Худодан диққатингизни узманг. Худонинг ҳақиқатлари юрагингиздан чуқур ўрин олсин. Иблис ёлғонлари яхши кунларингизда ишлаган Худо ҳақиқатларини йўққа чиқармасин. Худонинг сизга қилган яхшиликларини, ибодатингизга берган жавобларини унутмаслик учун кундалик тутинг. Унга Худога қилган ибодатингизни, жавобларни ёзиб қўйинг. Қийин дамларда эса бу ёзувлар Худонинг ҳали ҳам ўша Худо эканлигини англашингизга ёрдам беради. Азиз тингловчи, агар ҳаёт, оила, фарзандлар, турли хил қизиқишлар ҳақида маълумот олишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг. Яна бирор бир мавзуда суҳбатлашишни истасангиз, фикрингизни dilkash@najot.com электрон манзилимизга мактуб орқали юборинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top