3:11

Павлуснинг сабр-тоқати

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугунги суҳбатимиз давомида ҳаворий Павлус сабр-тоқати билан нималарга эришгани ҳақида суҳбатлашамиз. Павлус илмли ва обрўли фарзийлардан бири эди. У ҳам бошқа фарзийлар каби Исо Масиҳ издошларини йўқ қилишга бел боғлаганди. Бироқ Худонинг у учун режаси бошқача бўлиб чиқди. Унинг ўзи Масиҳнинг шогирдига айланди. Шундан сўнг астойдил Худо билан муносабатда бўлди. Ҳеч қандай қийинчилик, азоблар уни бу муносабатдан совута олмади. Келинг, унинг ҳаётида бўлган воқеаларга бирма-бир тўхталиб ўтамиз. Исо Масиҳга имон келтирганининг дастлабки кунлариданёқ, баъзи масиҳийларнинг шубҳаларига сабр қилишига тўғри келди. Кейинчалик эса Дамашқдаги яҳудийларнинг ишончсизлигига сабр қилди.

Narrator 2 Ўша дамда ақлсизлик қилиб, яҳудийларга Исо Масиҳнинг ҳақиқий нажоткор эканини тушунтиришга ҳаракат қилмади. Бунинг фойдаси йўқ эди. Дамашқлик яҳудийлар уни ўлдиришга бел боғлаган эдилар. Шунинг учун сабр қилиб бошқа жойга кетишга қарор қилди. У жуда кўп жойларда бўлиб, гуноҳкорларни Худо билан яраштиришда давом этди. Борган жойларида кичик жамоатлар пайдо бўлди. У ҳеч қачон уларни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Узоқдан бўлса ҳам уларга мактуб орқали йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Баъзида эса жамоатнинг ўзида бўлиб, уларнинг баъзи номаъқул ҳаракатларига сабр қилиб, тўғри тушунтиришга ҳаракат қилди. У Коринфдаги бир жамоатга шундай деб ёзган эди: «Сизлардан бирингизнинг бошқа бировга даъвоси бўлса, қандай қилиб азизлар ҳузурида эмас, инсофсизлар ҳузурида суд бўлишга жасорат этасизлар?» (1 Кор 6:1).

Narrator 1 У биродарлар билан муносабатда ҳам сабрли ва муҳаббатли бўлди. Биродарларнинг ҳали кўп нарсани билишлари, бошларидан ўтказиши кераклигини биларди. Шунинг учун ҳам қўлидан келганча, сабр билан уларга Худо йўлидан юришни ўргатарди. У сабр қилиб, ҳаммага ҳамма нарса бўлишни ўрганди. Унинг ўзи бу ҳақида шундай дейди: «Мен ҳаммасидан озод бўлсам ҳам, янада кўпроқ одамни эргаштирай деб, ўзимни ҳаммасига қул этдим. Яҳудийларни эргаштирай деб, яҳудийларга яҳудий каби бўлдим. Ўзим Таврот қонунига қарам бўлмасам-да, қарам бўлганларни эргаштирай деб, улар учун Қонунга қарамдай бўлдим. Мен Худо олдида қонунсиз ҳам эмасман; аксинча, Масиҳнинг қонунига бўйсунаман. Аммо Илоҳий қонунни билмаганларни эргаштирай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим» (1 Кор 9:19-22).

Narrator 2 Павлус Худованднинг хушҳабарини бошқаларга етказгани учун, инсонларни тўғри йўлга бошлашга урингани учун бир неча марта зиндонга ташланди. Аммо ўша ерда ҳам қалбида ҳотиржамлик бор эди. Чунки қилаётган иши тўғри эканини, айнан Худонинг йўлидан юраётганини биларди. Шунинг учун ҳам у қийинчиликларга ҳам, қувғинларга ҳам, зиндонда ётишга ҳам сабр қилди. Худованд бу қулини ташлаб қўймаслигига ишонарди. Шундай бўлди ҳам. Бир неча марта Худованд уни зиндондан мўъжизавий тарзда озод қилди. Баъзан оддий қонуний кўринган йўл билан озод қилди. Аммо ҳар доим Павлусга ёрдам берди. Павлус шу сабр-тоқати ва ишончи билан нимага эришди? Илоҳий ҳотиржамликка, ҳар қандай ҳолатда ҳам яшаб кетиш тажрибасига, мустаҳкам ишончга ва Муқаддас Руҳнинг инъомларига эга бўлди. Энг муҳими Осмон Шоҳлиги мукофотларига сазовор бўлди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top