Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Худо билан бирга муносабат қилишда давом этар экансан, Унинг нақадар ажойиб ва кутилмаган тарзда ҳаракат қилишини тушуниб етасан. У бизнинг умидимиз, ишонган тоғимиз, қалқонимиз ва тинчлигимиздир. У чиндан ҳам шундай. Имонлиларнинг ҳаётида бўлаётган воқеалар Худованд ҳақида айтган «умидим», «суянадиган тоғим», «қалқоним», деган сўзларнинг маъносини тўлиқ очиб беради. Шундай ҳолатларда биз «Худованд Сен менинг умидим, ишонган тоғим ва қалқонимсан», — дея улуғлаганимизни ўзимиз сезмай қоламиз. Бу фақат бизнинг давримизда бўлаётган воқеа эмас. Қадимда ҳам шунга ўхшаш бир воқеа бўлганини биламан. Бу Исроилнинг Шунам деган шаҳрида бўлиб ўтган воқеа.
Narrator 2 Шунамда бир бой аёл яшарди. У бой бўлса-да, фарзандсиз эди. Шунамлик аёл Элишай ҳар сафар шу тарафларга келганида уни уйига таклиф қилиб, меҳмон қиларди. Элишай аёлнинг ғамхўрлигига жавобан унга ҳам бир яхшилик қилишни истади, аммо аёл «…Мен ҳалқим орасида яшасам бас», — дея жавоб берди. Шунда пайғамбар Элишай хизматкори Гаҳазидан: — Бу аёлга нима қилишим керак? – деб сўради. Калом аёлнинг муҳтожлиги ҳақида шундай дейди: «- Унинг ўғли йўқ экан, эри эса кексайиб қолибди, — деди. Чақир уни! – буюрди Элишай. Хизматкор аёлни чақириб келди. Аёл эшик олдида ҳозир бўлди. – Келгуси йили худди шу пайтда қўлингда ўғлингни кўтариб юрган бўласан, — деди,» Чиндан ҳам Элишай пайғамбар айтганидай аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди.
Narrator 1 Элишай пайғамбарни учратгунча аёлнинг фарзанд кўришга ишончи қолмаганди. У шундай ўтишга ҳам рози эди. У Худо учун имконсиз нарса йўқлигини ҳали билмасди. Бироқ Худованд Элишайнинг сўзлари орқали аёлга умид ва ишонч берди. Бола улғаярди. Аёл ҳам эри ҳам Худонинг мукофотидан хурсанд, миннатдор ҳаёт кечиришарди. Бироқ бир куни боланинг аҳволи оғирлашиб, ўлиб қолди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Бир куни бола ўроқчилар орасида ишлаётган отасининг олдига бориб: «Вой бошим! Бошим оғриб кетди!» деди отасига. Отаси эса хизматкорларига: «Онасига олиб бор», деб буюрди. Хизматкор болани кўтариб онасига олиб борди. Бола тушгача онасининг тиззасида ўтирди-ю, сўнгра вафот этди.» (4 Шоҳ 4:18-20). Аёл қандай аҳволга тушди экан?! Худонинг ўзи берган фарзандини Худо яна ўзи олиб қўйса?! Бу азобга чидаб бўладими?
Narrator 2 Бироқ аёл Худога бўлган ишончини батамом йўқотмади. У фарзандини пайғамбар Элишайнинг жойига ётқизди-да, эшигини қулфлаб, Элишайнинг олдига борди. «Аёл жўнаб кетди. У пайғамбар ёнига – Кармил тоғига етиб борди. Пайғамбар уни узоқдан кўриб, хизматкори…га: — Югур, уни кутиб ол, «Ўзинг яхшимисан? Эринг соғ-саломатми? Боланг яхшими» деб ундан сўра.» (4 Шоҳ 4:25). Аёл хизматкорга – Ҳаммаси яхши, — деди-ю, пайғамбарнинг олдига борди. Аслида у пайғамбарнинг ёнига эмас, Худонинг олдига келаётган эди. Бу ҳолатни тушунтириб бериш учун, ёрдам олиш учун Элишайга мурожаат қилди. Биз қийин ҳолатларда қандай йўл тутамиз? Худонинг олдига борамизми, ёки ўзимизча иш тутамизми? Ишончсизлигимиз ишончга айланиши учун Худонинг олдига бориш керак.